“Ёшлар дафтари”: Янги имкониятлар ва комплекс ёндашув

28.09.2023, 16:37

“Ёшлар дафтари”: Янги имкониятлар ва комплекс ёндашув

Мамлакатимизда эртанги кунимиз эгалари — ёшларнинг доим изланиш ва интилишда бўлишларини қўллаб-қувватлаш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ҳамда имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши саналади.

Шу нуқтаи назардан, сўнгги етти йилда юртимизда ёшларга муаммо эмас, ривожланишнинг асосий драйвери, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг фаол иштирокчиси, янги ғояларнинг дадил ташаббускори, халқимизнинг таянчи ва суянчи сифатида ёндашилмоқда.

Йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, чин етим ва ногиронлиги бўлган ёшларга манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим яратилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мутлақо янги тизим — “Ёшлар дафтари” жорий этилгани мазмун-моҳиятига кўра, жуда содда ва самарали усул экани аллақачон исботланди. Унинг бераётган ижобий ҳосилаларини бугун йигит-қизларимиз ўз ҳаётида ҳис этиб турибди.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йил бошидан ушбу дафтарга кириш учун 360 436 та онлайн мурожаат келиб тушган. Шундан ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 340 440 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 243 591 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди.

Ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 14 187 нафар ёшларга 36,2 млрд. сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари ажратилиб, ўз ҳудудларида доимий иш билан таъминланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 40 мингдан ортиқ ёшларга 107,4 млрд. сўм миқдорда тўлов-шартнома харажатлари қоплаб берилиб, таълимни давом эттириш имконияти яратилди.

Даволанишга эҳтиёжи мавжуд 26 519 нафар ёшларга хориж ва юртимиздаги шифохоналарда даволанишлари ва зарурий дори-дармонлари хариди учун 26,2 млрд. сўм сарфланди. Доимий иш ўрнига эга бўлмаган 6 438 нафар ёшларга эса 28,5 млрд. сўм миқдорда ҳарбий хизмат бадали қоплаб берилиб, бандлиги таъминланди.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва оғир ҳаётий вазиятдаги 18 838 нафар ёшларга 22,8 млрд. сўм миқдорда зарурий молиявий кўмак кўрсатилди ва қарийиб 19 минг нафар ёшларнинг ижтимоий аҳволи яхшиланишига эришилди.

Замонавий касбларни эгаллашга ҳамда хорижий тилларни ўрганишга қизиқувчи 3 024 нафар ёшларга 12,3 млрд. сўм ажратилди. Улар “Веб-дастурлаш”, “Дизайн”, “Моделинг”, “Веб иловалар яратувчиси” каби касбларга ўқитилди.

Ватан ичра ватанли, яъни бошпанали бўлиш ҳар бир ёш оиланинг орзуси. Янги турмуш қурган йигит-қиз йўқки, фарзандларини ўзининг уйида дунёга келтириб, улғайтиришни истайди. Бу борада уй-жойга эҳтиёжи бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 746 нафар ёш оилага 1,5 млрд. сўм миқдорда 1 йиллик турар-жой ижара харажатлари қоплаб берилгани юртимизда ҳеч бир ёш давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаётганидан далолат беради.

Мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, касб-ҳунар эгаллашга иштиёқи юқори 1 195 нафар ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 807 млн. сўм ажратилиб, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига эришилди.

Деҳқончилик ва томорқа хўжалигини юритиш билан шуғулланаётган 582 нафар ёшларга 807 млн. сўмлик уруғлик ва кўчатлар хариди учун субсидия ажратилган ҳолда, ҳар бирининг 5-10 млн. сўмгача соф даромад олишларига кўмаклашилди.

Эътиборли томони, давлатнинг алоҳида кўмагига муҳтож “Оғир” тоифадаги ёшлар билан ишлаш бўйича 2023 йилда ҳар бир маҳаллада ёшларнинг баланси шакллантирилиб, бу орқали 9 миллион нафар ёшлар 3 тоифага ажратилди ва улар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди.

Албатта, мамлакатимизда ёшлар масаласига бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, уларнинг муваффақиятлари ва фаровонлиги мамлакат тараққиётига катта таъсир қилади. Ёшларда ғайрат, ижодий фикрлаш, инновацион ғоялар бор. Уларнинг ўз ишига замонавий ёндашувларни қўллаши келгусида рақобатбардош иқтисодиёт яратишга ёрдам беради.

Мухтасар айтганда, ушбу дафтарнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар турмуш тарзида туб ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган кўмак жамиятимиз ўз аъзолари ҳақида қайғураётганидан далолат беради. Бу жамиятда ижтимоий онг, масъулият ва фаолликни шакллантиришга хизмат қилади.

 Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати. 

  • Кўрилди
    302
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+