Инсон қадри, ижтимоий ҳимояси — устувор мақсад

29.09.2023, 15:42

Инсон қадри, ижтимоий ҳимояси — устувор мақсад

Жорий йил мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеликларга бой давр бўлиб, тарихга киради. Чунончи, шу йил 30 апрель куни мамлакатимизда умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинган бўлса, 9 июль куни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. Иккита сиёсий жараён ҳам кўтаринки руҳда, фуқароларимиз фаоллигида ўтказилгани ҳар биримизнинг Янги Ўзбекистон келажагига бефарқ эмаслигимизни намоён этди.

Президентимизнинг тегишли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлди, десак асло янглишмаймиз.

Бинобарин, Стратегиянинг биринчи — ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш йўналиши ўзида 44 та мақсадни қамраб олди. Шундан англашиладики, 44 фоиз мақсадлар бевосита ушбу йўналишга тўғри келмоқда. Бу эса давлатимиз раҳбари сиёсатида асосий эътибор халқимизни рози қилиш, ижтимоий қўллаб қувватлаш, таълим, соғлиқни-сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик масалаларига катта эътибор қаратилишини, келгуси йиллар ҳам янгиланган Конституциямизда белгиланган Ўзбекистон Ижтимоий давлат тамойилини ҳаётга  татбиқ этиш борасида улкан ислоҳотлар рўёбга чиқарилишини англатади.

Дарҳақиқат, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги йилларда мамлакатимизда жуда катта ижобий ишлар амалга оширилди. 2022 йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Аҳолини ижтимоий ёрдам тизими билан қамраб олиш кўлами ҳам ошириб борилмоқда. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб, 2 миллион 200 мингдан  ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Бу — жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 12 триллион сўмдан зиёдни ташкил қилмоқда.

Маълумки, Конституциямизга пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслигига оид норма киритилган. Бу эса ҳозирда давлатдан моддий ёрдам олаётган 2 миллион 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларнинг ҳуқуқини кафолатлайди.

Стратегияда назарда тутилган мақсадлардан кўришимиз мумкинки, бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, келгуси етти йилда ҳам улкан вазифаларнинг бажарилиши белгиланди. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар доирасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя қилиш хизматлари сифатини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари доирасига муҳтожларнинг барчаси тўлиқ қамраб олинишига эришиш, республиканинг барча туман ва шаҳарларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини ташкил қилиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, Стратегиядан келиб чиқиб, келгусида муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш, ногиронлиги бўлган шахсларни муносиб иш билан таъминлаш ва уларнинг бандлигини 2 баробарга ошириш мақсад қилинди.

Шу ўринда “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлигини қайд этиш жоиз.  

Бинобарин, куни кеча маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Президентимиз томонидан Стратегия мақсадларини ҳаётга жорий этиш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилиниши, шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилиши таъкидлаб ўтилди.  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан масалаларни жойида самарали ҳал қилиш мақсадида амалдаги “маҳалла бешлиги”га солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” тизими жорий қилиниб, уларнинг ҳар бирининг вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, “маҳалла еттилиги” ишини биргаликда ташкил қилишда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилиб, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимнинг ойлик иш ҳақи маҳалла раиси томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.

Мазкур масалаларни самарали йўлга қўйишда, албатта, мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштиришимиз,  биз, депутатлар ҳам жойларга, маҳаллаларга бориб, муаммолаларни ўрганишимиз ва республика даражасида ҳал этиш борасидаги ишларимизни янада жонлантиришимиз керак бўлади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати — Стратегия доирасида ҳар йили 1 миллиондан ортиқ нуронийлар учун республика бўйлаб диққатга сазовор жойлар, хусусан, тарихий шаҳарлар, қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва юртимизнинг сўлим гўшаларига саёҳатлар ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди. Ҳеч шубҳасиз, бу нуроний отахон ва онахонларимизнинг кайфиятини кўтариб, соғлиғига ижобий таъсир қилади ҳамда ҳаётдан розилигини оширади.

Қолаверса, 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш, меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ва самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш вазифасининг самарали бажарилиши фуқароларимиз тумуш даражаси янада ошишига, мамлакатимиз тараққиётини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғунлигини алоҳда таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас. Чунки юртимизда ушбу йўналишда муҳим чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Жумладан, ҳозирда парламент палаталари ва тегишли ташкилотлар томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали таминлаш борасида ишлар амалга ошириляпти. Жорий йилнинг ноябрь ойида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II Глобал форумни ўтказиш режалаштирилаётгани ва шу муносабат билан кўплаб амалий тадбирларни ташкиллаштириш белгилангани фикримизнинг ёрқин намунасидир.

Давлатимиз раҳбари БМТ юксак минбаридан туриб, Ўзбекистон БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили БМТ шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказиш таклиф этилгани мамлакатимизда ижтимоий соҳадаги ишларимизга дунё ҳамжамияти нигоҳини қаратиш ва хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда, бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янада такомиллаштиришга имконият яратади. 

Юқоридаги ушбу масалалар ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш борасида парламент томонидан қандай ишлар амалга оширилиши керак? деган савол туғилади. 

Ўз навбатида, Стратегия мақсадларининг ижросини таъминлаш бўйича қабул қилиниши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида тайёрланиши бўйича парламент аъзолари ҳам тегишли ташкилотлар билан биргаликда ишлаши, Олий Мажлиснинг ҳар бир қўмиталари ўз йўналишлари доирасида вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни янада кучайтириши лозим бўлади. Шунингдек, муайян масалаларнинг бажарилиши бўйича парламент назорати институтларидан кенг фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир.

 Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.

  • Кўрилди
    510
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+