Қиличини қайраб қиш келаётир

26.10.2023, 16:42

Қиличини қайраб қиш келаётир

Жойларда иситиш мавсумига тайёргарлик қандай? Ўтган йилги хато ва камчиликлардан тегишли хулоса чиқарилганми? Ёки ҳамма айб совуқнинг ўзига тўнкаб қўйиладими? Бу борадаги ишларнинг сифатини назорат қилишда депутатларнинг ўрни нечоғлик муҳим?

Халқимиз азалдан табиат ҳодисаларини кузатиш орқали олдиндан аниқлашган. Масалан, хазонрез бошланган вақтда қарғаларнинг баланд ё паст учишидан қишнинг қандай келишини билишган. Тадорикни ҳам шунга яраша қилишган. Кўкламга етгунча амалга ошириладиган тадбирларнинг пухта режасини тайёрлаб, унга қатъий риоя этишган. Ҳозирги тилда айтганда, асосий эътиборни ижрога қаратишган.

Парламент вакиларининг ўзларини сайлаган ҳудудларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишга жиддий ҳозирлик кўриш билан боғлиқ жараёнларда бевосита иштирок этаётгани бежиз эмас. Зотан, депутат фаолиятида назорат тадбирлари долзарб ўрин тутади. Термиз шаҳрида шу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан жойида танишганимизда бажарилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлиги кўпроқ диққат марказида бўлди.

Ўрганишлар махсус саволнома асосида аҳоли хонадонлари, маҳаллалар, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектларини қамраган ҳолда масъул мутасаддилар иштирокида амалга оширилди.

Жумладан, Термиз шаҳар электр таъминоти корхонаси тасарруфидаги электр энергия инфратузилмаси ёрдамида 43 минг 26 та аҳоли хонадони, 3 минг 315 та юридик шахс мақомидаги истеъмолчига электр энергияси етказиб берилаётгани аниқланди. Шаҳарда электр энергияси таъминотини яхшилаш, 2023-2024 йиллар мавсумига тайёргарлик доирасида режалаштирилган 33 тадан 31 та трансформатор пункти, 74 км электр узатиш тармоғида 57 км мукаммал, 70 дона трансформатор пунктидан 66 дона ва 172,8 км электр узатиш тармоғидан 148 км жорий таъмирланган.

Ўтган қиш мавсумида тармоқда юз берган узилишлар ҳамда истеъмолчилар мурожаатларидан тегишли хулосалар чиқарган ҳолда Гулистон маҳалласида 2 та трансформатор пунктига қўшимча қувватлар ўрнатилган. Тупроққўрғон маҳалласидаги трансформатор қуввати 2,5 баробар, Юлдуз маҳалласидаги қувват 1,5 баробарга оширилди. Мангузар маҳалласидаги трансформатор пунктининг 0,4 кВтли 1 кмдан ортиқ ҳаво электр узатиш йўли бўйлаб янги бетон таянчлар ўрнатилган. Мажнунтол ва Гулираъно маҳаллаларида трансформатор қувватларини 1,5-2 баробарга ошириш, электр узатиш йўлларини реконструкция қилиш, бетон таянчлар ўрнатиш ва сим тортиш ишлари якунига етказилмоқда.

Газ таъминоти бўйича 7,7 км таъмирталаб тармоқларнинг 4,9 км ҳозиргача таъмирланган. 33,731 км ер ости газ қувурларини босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари бажарилган. Аҳоли хонадонларини бир маромда табиий газ билан таьминловчи 474 та газ тақсимлаш шохобчасининг барчаси тафтиш қилинган.

Ижтимоий соҳа объектларини иситишда ДХШ асосида газ ва кўмир ёқилғисида ишлайдиган янги иситиш қозонлари ўрнатилиб, қувурлар алмаштирилгани, изоляция ишлари амалга оширилганлигига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, саноат корхоналарида электр энергиясини огоҳлантирмасдан узиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Ўрганишлар шаҳарда энергия таъминоти борасида ўсиб бораётган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари сонидан келиб чиқиб, энергия тежамкорлик, йўқотишларни минималлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.

Маълумки, авваллари қайта тикланувчи энергия манбаларига нисбатан муқобил манба сифатида қараб келинган бўлса, сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия манбаларига жиддий эътибор берилиши, катта кўламдаги инвестициялар жалб этилиши натижасида соҳа ривожида кескин ўсиш кузатилмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини “яшил” энергия билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни фаоллаштириш, бу борада аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш тадбирларини кўпайтириш, сифатли ва кафолатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши талаб этилади.

Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    256
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+