Бухоролик O`zLiDeP фаоллари ҳамиша пешқадамлар сафида

02.11.2023, 17:09

Бухоролик O`zLiDeP фаоллари ҳамиша пешқадамлар сафида

O`zLiDeP Бухоро вилоят ташкилотининг орадан ўтган 20 йил ичидаги партиявий фаолиятига хаёлан бўлса-да назар ташлар эканман, юртимиздаги етакчи сиёсий тузилманинг дастурий мақсад-вазифалари ижросини ўз вақтида таъминлашда бухоролик сафдошларимизнинг ҳам ўз ўрни ва таъсирчан кучи борлигини яққол ҳис этгандек бўламан. Айтмоқчиманки, мамлакатимиздаги бирор–бир ижтимоий-сиёсий воқеа ёки давлат миқёсидаги муҳим жараён йўқки, бунда O`zLiDePчиларнинг ўз сўзи, ғайрат-шижоатга тўла фаолияти бутун бўй-басти билан кўзга ташланмаган бўлсин. Хусусан, бухоролик партия фаолларининг бу борадаги тинимсиз ва изчил фаолияти бундан олдин ҳам бўлганидек, айниқса жорий 2023 йилда яққол намоён бўлди. Ватанимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеаларга бой бўлган ушбу йилда умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳаси ҳам, қолаверса, шундан кейинги Референдум жараёни ҳамда муддатидан илгари ўтказилган Президент сайловига қизғин тайёргарлик кўрилганлиги ва уни уюшқоқлик билан ўтказилиши ҳам вилоят партия ташкилоти масъуллари ва барча фаолларидан алоҳида ғайрат, интеллектуал салоҳият, бой тажриба, чуқур билим ва ташкилотчилик билан қизғин иш олиб боришни, мустаҳкам эътиқод ва партиявий собитқадамлик билан белгиланган барча тадбирларни O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши кўрсатмалари ва тавсиялари асосида талаб даражасида амалга оширишни тақозо этарди. Амалда шундай бўлди ҳам. Референдум олди тадбирлари ҳам, Президентликка номзоднинг ишончли вакили билан барча шаҳар ва туманларда уюшқоқлик билан ташкил этилган сайловолди учрашувлар ҳам партия электорати вакиллари, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, МФЙлар фаоллари ва ёшлар етакчилари қизғин баҳс-мунозараларда иштирок этиб, ўринли таклиф ва истакларини илгари сурдилар. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳасига бухоролик партия аъзолари томонидан 200 дан зиёд таклифлар берилди. Шу тариқа Янгиланган Конституцияда бу таклифлар маълум маънода ўз ифодасини топди.

Жорий йилнинг 20 июнь куни Президентликка номзод Ш.Мирзиёевнинг бухоролик сайловчилар билан ўтказган эсда қоларли учрашувида эса барча юртдошларимиз кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоронинг эртанги ва яқин келажакдаги ёруғ кунлари, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ривожланишининг нурли манзилларини аниқ ҳис этдилар. Бинобарин, номзоднинг сайловолди дастуридаги айнан Бухорога таалуқли пировард режа-вазифалари ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш ушбу табаррук заминда умргузаронлик қилаётган ҳар бир кишининг, жумладан, O`zLiDeP фаолларининг ҳам қалб даъвати ва виждон бурчига айлангандек эди гуё.

Партия сафларининг вақт ўтган сайин тобора кенгайиб бораётганлиги ушбу истиқболли режа ҳамда вазифаларни ўз вақтида уддалаш имконини бериши шубҳасиз. Буни қуйидаги рақам ва далиллардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Масалан, 2004 йилнинг 1 январь ҳолатида вилоят бўйича партия аъзолари сони 7507 нафарни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг ҳозирги даврига қадар 87096 нафар O`zLiDeP аъзолари рўйхатга олинган. Бошланғич партия ташкилотлари сони эса айтиб ўтилган даврга мос равишда 341 тадан 861 тага етказилган. Фаол партия аъзолари орасида электоратнинг асосий қисмини ташкил этадиган тадбиркорлар, фермерлар, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ҳам борлиги эътиборга моликдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда ушбу соҳа вакиллари учун яратиб берилган шарт-шароитлар, белгиланган имтиёз ва преференциялар туфайли вилоятнинг Бухоро шаҳри, Ғиждувон, Ромитан, Жондор, Шофиркон, Вобкент ва бошқа бир қатор туманларида партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари саъй-ҳаракати билан тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришда кутилган натижаларга эришилмоқда.

Мамлакатимиз сиёсий саҳнасида ўз ўрни, обрў-эътиборига эга бўлган O`zLiDePнинг 20 йиллигини муносиб кутиб олишга Бухородек муқаддас заминда ҳам қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда ва бундан кейин ҳам барча маслакдошларимиз онгу-шуури ва қалбини энг эзгу мақсад ва тилаклар асло тарк этмасин деймиз.

Обиджон Хамидов,

O`zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    221
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+