Бухоро вилоят кенгаши сессиясида оилавий тадбиркорлик масаласи муҳокама қилинди

29.11.2023, 11:09

Бухоро вилоят кенгаши сессиясида оилавий тадбиркорлик масаласи муҳокама қилинди

Маълумки, жорий йилнинг 22 ноябрида халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, унда “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб- қувватлашга доир амалга оширилган ишлар ҳақида”ги масала атрофлича кўриб чиқилган ҳамда халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига ушбу масалани киритиш бўйича тегишли қарор қабул қилинган эди. 

Орадан кўп ўтмай вилоят кенгашининг 87-сессиясида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масаласи қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Мазкур масала бўйича сўз олган O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати О.Хамидовнинг таъкидлашича, партия вакиллари томонидан жамоатчилик назорати тартибида ҳудудларда тегишли ўрганишлар олиб борилганда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига биноан аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилган. Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган тегишли қарори асосида вилоят бўйича 1,1трилион сўм ажратилган бўлиб, 40 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Шу кунгача ўзлаштирилган 827,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ҳисобига 34 мингта иш ўрни барпо этилганлиги, жойларда касаначилик, ҳунармандчилик, шунингдек қишлоқ хўжалигининг бир қатор соҳаларида фуқаролар бандлиги таъминланганлиги ўз амалий натижасини бериб турибди.

Гарчи шундай бўлсада оилавий тадбиркорликни давр талаблари даражасида ривожлантириш масаласида бир қатор ечимини кутиб қолган муаммолар ҳам йўқ эмас. Баъзи бир маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари томонидан ишлаб чиқаришнинг қатор йўналишларини пухта билмасликлари, ўз ҳудудларини тўлиқ ўрганиб чиқмаганликлари юзасидан эътирозли фикрлар билдирилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларнинг ижтимоий аҳволи, оила аъзоларининг ёши, соғлиғи ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олмаган ҳолда ва аниқ маълумотларга таянмаган ҳолда фуқароларга тавсиялар беришда  ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.

Фуқароларда ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги, тадбиркорлик кўникмалари йўқлиги банклар томонидан ажратиладиган кредитлардан унумли фойдаланишга тўсқинлик қилаяпти. Маҳалла раислари билан маслаҳатлашмаган ҳолда ҳоким ёрдамчилари томонидан берилаётган тавсияномалардан ҳам кутилган натижаларга эришилаётганлиги йўқ. Олинган кредитларнинг белгиланган муддатларда қайтаришда мавжуд қийинчиликлар юзага келаётгани асосий сабабларидан бири ҳам шудир. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатида тегишли дастурлар доирасида ажратилган кредитлар бўйича юзага келган муаммоли (NPL) кредит қарздорлиги вилоят бўйича 53,9 миллиард сўм бўлиб, бу кредит портфели  (1,6 триллион сўм)нинг 3,0 фоизини ташкил этади.  

Эндиликда маҳаллий кенгаш депутатлари ва O’zLiDePнинг барча фаоллари зиммасида оилавий, шу жумладан, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, шу тариқа ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига эришиш бўйича алоҳида масъулият турибди. Ана шу юксак масъулият теран англаб етилгандагина мазкур йўналишдаги ишларда кутилган натижаларга эришилган бўлади.

Сессияда кун тартибидаги мазкур масала бўйича депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига қаратилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    365
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+