Мурожаатлар ортида инсон тақдири бор

30.11.2023, 09:56

Мурожаатлар ортида инсон тақдири бор

Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси, шунингдек, барча даражадаги вазирлик ва идоралар мансабдор шахсла­рининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш механизми яратилгани, ҳудудларда раҳ­барлар билан жонли мулоқотлар, сайёр ва телефон орқали қабуллар, онлайн мурожа­ат ҳамда таклифлар қабул қилиш йўлга қўйилгани диққатга сазовордир. Бу эса халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш­га, муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигига умид ва ишонч уйғотмоқда.

Давлат идоралари мутасаддилари қуйи тизимга ту­шиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлагани ҳам бежиз эмас. Муҳими, жисмоний ва юри­дик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган долзарб масалаларнинг таҳлили ислоҳотларга асос бўлиб хизмат қилаётир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат органла­рининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш бора­сида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожа­атлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида халқ билан мулоқотни янада кенгай­тириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ мақсад ва вазифалар белгиланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилаётганлиги ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилгани ҳам юқорида таъкидланган яхлит жараённинг бир қисмидир. Зотан, унда аҳоли мурожаат­лари билан ишлашнинг ҳозирги аҳволи вазирлик кесими­да атрофлича муҳокама қилинди.

Юртимизда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотлари сони 2018-2022 йиллар  давомида сези­ларли равишда кўпайиб, ҳозирда 200 тадан ортиқни ташкил этмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида 86 та, бошқа ҳудудларда 113 та ОТМ мавжуд. Шундан давлатга қарашли ОТМлар сони 114 тани ташкил этса, нодавлат ва хорижий ОТМлар сони 87 тага етди.

Айни пайтда, табиийки, олий таълим билан қамраб олиш улуши ҳам ошиб боряпти. Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган олти йил ичида республикада ёшларни олий таъ­лимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ош­ган. 2026 йилда бу кўрсаткич 50 фоизга етказилиши ре­жалаштирилган.

Албатта, талабалар сонининг ортиши ижобий ҳолат бўлиб, бу инсон капиталини, яъни ҳар бир етук кадрнинг билим ва тажрибаси жамият, юрт равнақи ҳамда ривожи йўлида сарфланиши қувонарлидир. Шу билан бир қатор­да ушбу соҳада мурожаатларнинг кўпайиши, улар билан ишлашнинг янги, тезкор ва инновацион усулларини ама­лиётга жорий этилишини талаб қилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизи­мида мурожаатларни интенсив кўриб чиқиш тизими йўл­га қўйилган бўлиб, ишонч телефонлари ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими фаолият кўрсатмоқда. Аҳоли муро­жаатларини кўриб чиқиш жараёнида қонуний талабларга тўла риоя этилишини мониторинг қилиш бўйича мавжуд ҳолатни ҳафтада икки маротаба таҳлил этиш амали­ёти йўлга қўйилган. Мурожаатларни ижобий ҳал этиш кўрсаткичини ошириш ҳамда такрорийлигининг олдини олиш мақсадида уларни бевосита мурожаатчи иштироки­да кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 10 624 та мурожаат келиб туш­ган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал қилин­ган бўлса, айримларига ҳуқуқий маълумот берилган, 29 тасининг кўриб чиқилиши тугатилган, 4471 таси ҳудудий идораларга, 418 таси эса тегишли вазирликларга юбо­рилган.

Бу борада мурожаатларнинг 50 фоиздан ортиқроқ қисмини вазирлик марказий аппаратида эмас, балки жойига чиққан ҳолда кўриб чиқиш тизими жорий этил­ганлиги, уларни жойида ўрганиш учун зарурат бўлмаган­да эса фуқаро билан телефон орқали боғланиб, барча са­волларга тўлиқ жавоб берилаётганини қайд этиш лозим.

Фуқаролар томонидан энг кўп йўлланаётган масала­лар ҳамда уларнинг ҳудудлар кесимидаги динамикасига кўра, вазирлик раҳбариятининг сайёр қабулларини таш­кил этиш, тизимга оид муаммо, камчилик ва таклифларни тўғридан-тўғри вазирликка юбориш мақсадида очиқ му­лоқот портали (taklif.edu.uz) ишга туширилган.

Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижа­сида талабалар ўқишини хорижий мамлакатлардан кўчи­риш 62,8 фоизга, профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш ва тиклаш 38,9 фоизга, талабалар сафи­дан четлатилганидан норозилик 30,2 фоизга, талабалар стипендияси масаласи 29,1 фоизга, талабалар ўқиши­ни республика ҳудудида ички кўчириш эса 27,6 фоизга камайишига эришилгани ижобий ҳолат, албатта. Бироқ жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган му­рожаатлар билан ишлашда уларнинг ҳар бирининг орти­да инсон, унинг манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги ва ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи тургани­ни, бу борадаги ишларни тўғри ташкил этиш долзарбли­гини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Гулшана ХУДОЁРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

  • Кўрилди
    282
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+