Соғлом халқ юрт фаровонлиги ва тараққиётини амалга оширувчи катта кучдир

04.12.2023, 15:00

Соғлом халқ юрт фаровонлиги ва тараққиётини амалга оширувчи катта кучдир

Одам иссиқ жон, бир жойингиз оғриса, кўзингизга ҳеч нима кўринмайди, хурсандчилик ҳам татимайди. Шу боис ҳар бир инсон ўз саломатлигини биринчи ўринга қўяди. Соғлиғи муҳофазаси учун мамлакатда қандай шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар яратилган бўлса, улардан фойдаланишга интилади. Бу табиий ҳол албатта.

Ўз навбатида, давлат эса фуқароларнинг саломатлигини сақлаш бўйича барча чораларини кўради. Мамлакатимизда ҳам шундай, “Инсон қадри” тамойили асосида халқимиз соғлиғини муҳофаза қилиш масаласи Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, соҳага янги бошқарув усулларини, замонавий технология ҳамда даволаш усулларини кенг жорий қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, табиийки, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Аввало, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, айниқса, мамлакатимиз фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли эканлиги ҳам қатъий мустаҳкамлаб қўйилдики, бу аҳоли ўртасида соғлом муҳитни шакллантиришга катта ҳисса қўшяпти.

Шу ўринда ушбу рақамга эътибор қаратсак, 2016 — 2022 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган маблағлар қарийб 4 баробар ошган. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилганини кўриш мумкин.

Биргина шу йилнинг ўзида жойларда 22 та оилавий поликлиника, 93 та оилавий шифокорлик пункти ва 394 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Тиббий хизматлар аҳолига яқинлаштирилди.

Тан олиш керак, авваллари мураккаб операциялар учун чет элга бормай илож бўлмасди. Бу борада ҳам муаммолар йиғилиб қолганди. Жумладан, юракдаги операциялар ҳақида ҳам худди шундай фикрни айтиш мумкин. Айниқса, болалардаги юрак кардиожарроҳлик амалиётлари тўғрисида алоҳида тўхталиш жоиз. Бундан 8-9 йил олдин биз йилига 300 та боланинг, бу кунига битта боладан тўғри келади, юрагида амалиёт бажара олардик. Буям фақат Тошкент шаҳрида, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга ошириларди. Мана, бугунга келиб 2,5 мингта юрак операциясини, нафақат Тошкент шаҳрида, ҳатто вилоятлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам бажариляпти.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Юртимизда фақат шу вақтга қадар беморларга қайси тиббий хизмат бепул кўрсатилади, қандай дорилар текин берилади, деган саволлар ойдинлаштирилмаган эди. Кейинги йилларда бу йўналишда ҳам талай ишлар олиб борилди. Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, туман (шаҳар) марказий шифохоналари ва туғуруқхоналарда кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати белгиланди. Мазкур рўйхатга кўра, эндиликда беморларга жами 520 та ташхис, 28 та диагностик текширув, 46 та лаборатор таҳлил, 235 турдаги дори воситалари, 27 та оператив даво ҳамда 76 та тиббий буюмлар давлат ҳисобидан бепул тақдим этилади.

Яна бир ҳаётий мисол. Яқин-яқингача кўпчилик фуқароларимиз имтиёзли йўлланма (ордер) асосида даволаниш учун не-не қийинчиликларга дуч келарди. Юртдошларимиз ордер олиш учун мутасадди вазирликлар эшиги олдида кунлаб, ойлаб навбатда турарди. Президентимиз ташаббуси ва тегишли қарорлари билан буларга чек қўйилди. Бундай амалиётдан тўлиқ воз кечилиб, эҳтиёжманд аҳоли учун, республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф, янги тизимига ўтилди.

Бунда йўлланма ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади ва бу давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматлар олиш ҳуқуқини беради. Янги тартиб бўйича фуқаролар ихтисослашган тиббий хизматларни ҳатто нодавлат тиббиёт ташкилотларида ҳам кафолатланган пакет доирасида бепул олиш имконияти пайдо бўлди.

Тиббий хизматларга кафолат бўлмаса, фуқароларда ушбу соҳага бўлган ишонч юқори бўлмайди. Шу маънода, мамлакатимизда соҳанинг ушбу йўналишига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Буни қуйида келтирилган факт ва мисоллар орқали ҳам англаб олиш мумкин.

Умуман олганда, Президентимиз тиббиёт ходимларига йўллаган бу йилги байрам табригида таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши табиийдир.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    156
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+