Янги Конституция – барқарор тараққиёт кафолати

04.12.2023, 15:02

Янги Конституция – барқарор тараққиёт кафолати

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уни тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини ривожлантириш,  бунинг учун қулай бизнес шароити яратиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади.

Айтиш мумкинки, бунда янгиланган Конституциямизда тадбиркорлик фаолиятининг конституциявий кафолатлари мустаҳкамлангани, ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқининг эътироф этилиши қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи тадбиркорлар ва фуқаролар учун янгидан янги имкониятларни очиб берди.

Янгиланган Конституциямизнинг 67-моддасига “Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлашга ҳақли” деган мазмундаги том маънода асос солувчи норманинг киритилиши орқали мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг конституциявий кафолатлари янада мустаҳкамланди. Мазкур норма тадбиркорлик фаолиятини самарали юритишда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, тадбиркорларни қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканлигини белгиланиши, даромад олиш асосий мақсади бўлган тадбиркорлар учун иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида фаолият юритиш ҳуқуқини конституциявий кафолатлади. Дарҳақиқат, капитал қаерда даромад олиш имконияти бўлса, шу тарафга қараб ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши шарт. Бу бозор иқтисодиётининг олтин қоидалари сирасига киради. Бунда, муайян фаолият билан шуғулланиш бўйича қонун ҳужжатларида таъқиқ қўйилмаганлиги талаб этилади.

Иккинчидан, ўз фаолият йўналишини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи тадбиркорларга ўз бизнес стратегияларини бошқа шахсларни, давлат органи ва уни мансабдор шахсларини ўзбошимчалик билан аралашувисиз ўз хоҳиши ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятини берди.

Конституцияда киритилган мазкур қўшимчалар эркин бозор иқтисодиётининг энг муҳим талабини ўзида ифода этиб, давлатни тадбиркорлик фаолиятини самарали ташкил этишга доир асосий ёндашувини белгилади. “Қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мезонларини конституциявий даражада мустаҳкамлади.

Бу эса ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги тадбиркорларини ҳам эркин ва самарали фаолият юритиши, бизнес муҳитини яхшилаш, ички ва ташқи савдо ривожланиши, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини оширишдек хайрли мақсадларга хизмат қилиши тайин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аграр тармоқнинг иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда тутган ўрни беқиёс. Айни шунинг учун ҳам юртимизда ички бозор ва жаҳон бозорлари эҳтиёжлари асосида ривожланиб борадиган анъанавий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидан замонавий ва самарали агробизнесга ўтиш масаласи қўллаб-қувватланмоқда.

2022 йил бошида мамлакатда 107 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритган бўлса, бу 2017 йилга нисбатан 40 фоиздан кўпроқни ташкил этган.

Узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистонда ерга нисбатан хусусий мулкнинг тўлақонли жорий этилмаганлиги ҳақиқий мулкдорлар қатламини етарлича шаклланмаслигига, ерни ҳақиқий товар сифатида бозор муомаласига киритилмаслигига ҳамда хорижий инвесторларни миллий иқтисодиётга нисбатан ишончини пасайишига олиб келганди.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз томонидан 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда “Асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим” деб алоҳида таъкидланганлиги қатъий сиёсий ирода намунаси бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Янгиланган Конституциямизнинг 68-моддасида илк маротаба “Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин”,-деган муҳим норма мустаҳкамланди.

Бу билан мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли ерларни уларни ўзлари томонидан хусусийлаштириб олиш имконияти яратилди. Хусусан, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ фуқаро ва юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин.

Ерни хусусий мулк сифатида фуқарога тегишли бўлиши билан хусусий мулк бўлган ер участкаси мулкдори  ерни сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, гаровга қўйиш, мерос қилиб қолдириш каби ҳуқуқларни қўлга киритади. Энг муҳими, бундай ерни давлат фақат мулкдорни розилиги билан, шартнома асосида, бозор нархида жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Бир сўз билан айганда, ер “снос”га тушиб кетмайди, давлат ерни келишилган нархда сотиб олсагина, ер бегоналаштирилиши мумкин бўлади. Бу ерда ҳам жуда муҳим конституциявий норма инсон ва унинг манфаатига ёнбосаётганини кўриш мумкин.

Бозор иқтисодиёти ерни ҳам хусусий мулк асосида уларга тегишли бўлишини талаб этади. Шу боис, ҳеч шубҳасиз мазкур норма янги Конституциямиздаги ҳақиқий инқилобий ўзгаришлардан бири сифатида мулкчилик муносабатлари ривожига хизмат қилиши муқаррар.

Мухтасар қилиб айтганда, янгиланган Конституциямизда тадбиркорлик фаолиятининг кафолатланиши, ерни қонунга мувофиқ хусусийлаштириш мумкинлиги белгиланиши тадбиркорларимиз узоқ кутган тарихий адолатни юзага чиқарди. Қишлоқ хўжалиги тадбиркорларига самарали фаолият юритишларида ҳуқуқий таянч бўлди.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    219
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+