Рақамли технологияларни жорий этиш - давр талаби

21.12.2023, 17:58

Рақамли технологияларни жорий этиш - давр талаби

Мамлакатимиз тармоқ ва ҳудудларида ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши мазмун-моҳияти билан танишар эканмиз, ушбу йўналишда бажарилган ишлар ўз кўлами жиҳатидан кейинги пайтда анча салмоқли эканлигига амин бўлдик. Дарҳақиқат, эндиликда бирор бир мамлакат, аниқроғи соҳа ёки тармоқ ривожини IT, яъни рақамли технологияларсиз тасаввур этиш қийин, шу боис ушбу муҳим масалага янги Ўзбекистонда жидддий эътибор берилаяптики, видеоселектор давомида бунга яна бир бор қатъий ишонч ҳосил қилинди. Келгусидаги вазифалар эса, аниқроғи соҳа ривожини таъминловчи қўшимча шароитлар яратилиши ҳеч шубҳасиз ўз кутилган натижа ва самарасини бериши турган гап.

         IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилиши, иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилиши,  50 дан ортиқ IT мутахассисни ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатининг 15 фоизгача қисми қопланиши, экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилиниши ана шундай имкониятлар сирасига киради. Бундан ташқари IT-паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналари очилиши ҳам соҳани янги тараққиёт босқичига олиб чиқади. Шу тариқа 2024 йилда IT хизматлари ҳажмини 2 баробар ошириш мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Янги 2024 йилдан бошлаб, “Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи” лойиҳасининг бошланиши, АҚШлик ҳамкорлар билан “Инклюзив рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида 20 минг аҳоли бандлиги таъминланиши ҳам турган гапки, истиқболли имкониятлар эшигини очади.

2026 йилда Халқаро информатика олимпиадасининг илк бор мамлакатимизда ўтказилиши ҳам соҳа ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Ушбу нуфузли тадбирга тайёргарлик доирасида ўтказиладиган кўрик-танловларда соҳанинг навқирон, иқтидорли вакиллари танлаб олиниши ҳамда уларнинг халқаро олимпиадада иштирок этиши таъминланиши зарурлиги ҳам Президентимиз томонидан қайта-қайта таъкидланди.

Йиғилишда маҳаллалардаги ходимларнинг гарчи планшет ва компьютерлар билан таъминланишига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги юзасидан эътирозлар билдирилди. Қоғозбозликлар ҳам маҳаллаларни четлаб ўтаётгани йўқ. Масалан, субсидия олиш учун учун мурожаат қилган фуқаро ишсизлик тўғрисида бир йўла бир нечта мутасаддидан маълумотномаларни олишга қийналмоқда. “Рақамли маҳалла” ягона платформасини ишга тушириш ва “Маҳалла еттилигини” рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитиш давр талаби эканлиги ўз-ўзидан аён.

Сир эмаски, айрим раҳбар ходимлар ўз ташкилотларида рақамлаштириш тизимини ишга туширишда шошилмаяптилар. Давлатимиз раҳбари шу маънода сўз юритар экан, ниҳоятда қатъий қилиб,  “Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар – коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар” деб таъкидлаб ўтди.

Келгусида IT хизматлари ҳажмини 20 триллион сўмга, экспортни 800 миллион долларга етказиш, тармоқларда 130 та ахборот тизимини жорий қилиш ва 750 та давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги режаларни ишлаб чиқиш муҳимлигининг  қайд этилганлиги нафақат соҳа ходимлари, балки, рақамли технологияларни ўз фаолиятида жорий этишга, давр билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлиш мақсадига интилаётган ҳар бир мутасадди ва раҳбар ходимнинг бугунги кундаги энг биринчи вазифаларидан биридир.

Вилоятимиздаги ЎзЛиДеП фаоллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам Президентимизнинг навбатдаги видеоселекторда билдирган фикр-мулоҳазалари, белгилаб берган вазифалари ва аниқ топшириқларига асосан, маҳаллий ҳокимлик идоралари, тегишли ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда ўз фаолиятларини олиб бориб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда IT рақамли технологияларининг ўрни ва аҳамиятини тўғри англаган ҳолда жойларда партиявий тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борадилар.

Бобомурод Очилов,
O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    517
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+