Рақамлаштириш – коррупцияга қарши курашда муҳим омил!

21.12.2023, 18:02

Рақамлаштириш – коррупцияга қарши курашда муҳим омил!

Жорий йилнинг 20 декабр куни Прзидент Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишнинг муҳим жиҳати шундаки, бир кун олдин мамлакатимизда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси талабларини ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилувчи, 2016 йилда илк бор таъсис этилган “Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот” билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтгандан сўнг ташкил этилди. Ушбу тадбирда давлатимиз раҳбари муҳим фикр ва ташаббусларни билдирдилар. Жумладан, таъкидландики, коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилади ва унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади.

Нуфузли халқаро ташкилотлар иштирокида катта муваффақият билан ташкил этилган тадбир билан узвий боғлиқ бўлган, IT соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам айнан ушбу соҳа коррупцияга қарши курашишда муҳим омил бўлишлиги таъкидланди. Унда жаҳон иқтисодиёти шиддат билан ўзгариб бораётган шароитда ҳеч бир соҳани рақамли технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмаслиги, “Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар – коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар” эканлиги айтилди.

IT соҳасини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этиб, таъкидлаш билан бирга, соҳани янада ривожлантириб, халқаро даражага олиб чиқиш бўйича қилинадиган ишлар ҳали жуда кўплиги қайд этилди.

2024 йилдан бошлаб ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилиши эълон қилинди. Жумладан, қуйидагиларни амалга ошириш белгиланди:

- IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;

- иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади;

- 50 дан ортиқ IT мутахассисини ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатини 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;

- экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади. Бу мақсадларга эришиш учун эса келгуси йилда 65 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан IT паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун келгуси йилда Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналарини очишилиши белгиланди.

Умуман олганда, ушбу муҳим йиғилишда иқтисодиётимизнинг барча соҳаларини рақамлаштириш бўйича қатор долзарб вазифалар белгилаб бериш билан бирга, барча вазирлик ва идоралар учун рақамлаштириш ҳаёт-момот масаласи бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, рақамлаштириш - мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш борасида қанчалик муҳим бўлса, коррупцияга қарши курашишда ҳам ўта муҳимдир.

Шухрат Шарафутдинов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати

 ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    376
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+