Ҳар бир соҳа ва ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат ривожланмайди

25.12.2023, 10:04

Ҳар бир соҳа ва ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат ривожланмайди

XXI асрни инсоният тараққиётининг устивор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Ахброт технолигиялари асри, деб номлаш ҳам урф бўлган. Бу бежиз эмас. Чунки, ҳаётимизнинг қайси жабҳаларига кўз ташламанг унда IT технологиялари мустаҳкам ўрин эгаллаётганига, ушбу соҳанинг келгуси тарақққиётини белгилаб бераётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Айнан шу сабаб, келгуси етти йиллик тараққиётимизнинг устивор йўналишларидан ўрин олган дастуриламал ҳужжат – “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам мамлакатимизни минтақавий “IT-НUB”га айлантириш мақсади белгиланган. Бу эса давлат бошқаруви ва соҳаларни рақамлаштириш, алоқа инфратузилмасини яхшилаш, IT таълимни ривожлантириш каби кўп омилларни талаб этади.

Стратегиянинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналишида IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш, Мактаб ўқувчиларини халқаро IT бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўргатиш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини кенгайтириш ва ҳар йили 15 минг нафар энг иқтидорли ёшларни нуфузли халқаро компаниялар талабларига мос дастурлар асосида тайёрлаш каби бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Шунингдек, стратегияда IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Бунинг учун ҳудудларда IT инфратузилмани ва венчур бозорини ривожлантириш, “local to global” тамойили орқали маҳаллий корхоналарни экспортга олиб чиқиш, юртимизда халқаро компанияларнинг офисларини очиш каби кўплаб чоралар кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами, белгиланган барча вазифалар ижроси талаб даражасида бажарилишидан дарак бериб турибди. Мисол учун, Ахборот технологиялари субъектлари учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар натижасида соҳадаги корхоналар ва иш ўринлари сони, хизматлар экспорти ортиб бормоқда. Хусусан,    2017 йилда юртимизда IT компаниялар сони 147 та бўлган бўлса, ҳозирда 1 минг 600 тага етган. Иш ўринлари ҳам қисқа вақтда         10 баравар кўпайиб, 24 мингтадан ошган. 2017 йилда 600 минг АҚШ доллари бўлган экспорт ҳажми жорий йил якуни билан 300 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Шу маънода олиб қаралганда, жорий йил 20 декабрь куни Президентимиз раислигида тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган фикр ва мулоҳазалар, стратегияда белгиланган мақсад ва вазифалар билан ҳамоҳанглик касб этгани билан аҳамиятлидир. Йиғилишда соҳа ривожига қўшимча шароитлар яратилиши белгиланди. Хусусан, соҳа ривожи учун бир қатор имтиёзлар берилиши, халқаро ҳамкорликнинг кучайтирилиши таъкидланди. Рақамли технологиялар вазирлигига келгуси йилда       8 минг нафар энг иқтидорли ёшларни саралаб, нуфузли халқаро компаниялар талабига мос дастур асосида ўқитиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, келгуси йилдан “Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи” лойиҳаси бошланиши, АҚШлик ҳамкорлар билан “Инклюзив рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида 20 минг аҳоли бандлиги таъминланиши айтилди. Давлатимиз раҳбари рақамлаштириш маҳалладан бошланиши кераклигини таъкидлади.

Айни пайтда Жиззах вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғини тизими ходимлари планшет ва компьютер билан таъминланган. Лекин, улардан тўла фойдаланилмаяпти. Масалан, ёшлар етакчисига субсидия олиш учун мурожаат қилган фуқаро ҳалигача маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ёки бандлик бўлимидан ишсизлик тўғрисида маълумотнома олиб келишга мажбур. Шу боис мутасаддиларга “Рақамли маҳалла” ягона платформасини ишга тушириш ва “маҳалла еттилиги”ни рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитиш топширилди.

“Ҳар яхшининг бир ёмони бор”, дейди халқимиз. Ахборот технологияларидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга, ёшларимиз маънавиятига таъсир кўрсатишга уринаётган кучлар борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Бу эса, нафақат соҳа мутахассислари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, балки дастлабки навбатда ота-оналар фарзандларимизнинг тараққиёт меваси бўлмиш, ахборот технологиялари ютуқларидан баҳраманд бўлишларида масъулликни оширишларини талаб этади.

Белгиланган бу вазифалар, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида сўнгги йилларда чирой очиб, тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланаётган, равон йўллар, тиббиёт ва таълим масканлари давр талаблари даражасида фаолият олиб бораётган, тадбиркорлик ривожланиб бораётган маҳаллаларимизда аҳоли учун янгидан-янги қулайликлар яратилишига жуда катта туртки беради. Одамларимизнинг бугунги кунларидан рози бўлиб, эртанги кунларига умид билан қарашларига замин яратади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар бир соҳа ва ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат ривожланмайди”.

Эркин ХОЛМАТОВ
O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги
O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    279
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+