“Яшил” энергетикани ривожлантириш — энергетик барқарорликни таъминлаш омили

08.01.2024, 17:13

“Яшил” энергетикани ривожлантириш — энергетик барқарорликни таъминлаш омили

Серқуёш диёримиз ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва усти нодир бойликлари билан етти иқлимга маълуму машҳур. Айниқса, қуёш, шамол ва сув – экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида ортиқча сўзлашга ҳожат йўқ.

Масалан, қуёш нури бепул ва туганмас ҳисобланади. Шамол энергетикаси эса одатий усуллар билан электр энергиясини етказиш қийин бўлган жойлар учун энг мақбул ечимдир.

“Яшил” энергетика — қазилма ёқилғи сарфисиз, атмосферага CО ва CО2 газлари чиқармайдиган ва натижада атроф-муҳит экологиясига зиён етказмаган ҳолда энергия таъминотини амалга оширадиган тузилма ҳисобланади. Бунда истеъмол талаби қуёш, шамол, сув, биомасса, водород энергетикаси каби муқобил энергия манбалари эвазига қопланади.

Бир пайтлар чекка-чекка ҳудудларни оддийгина электр токи билан таъминлашнинг ўзи катта масала эди. Одамлар уйларида чироқ бўлмаслигига кўникиб ҳам қолаётганди. Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар изчиллиги ана шундай муаммоларни бартараф этяпти.

Соҳадаги лойиҳалар уйларимиз янада чароғон, турмушимиз янада файзли ва фаровон бўлишига замин яратмоқда. Бу борада энг замонавий ва табиий имкониятлардан самарали фойдаланилаётгани, жараёнга халқаро доирада сармоядорлар катта қизиқиш билдираётгани ҳам эътиборга молик.

Президентимиз инвестиция сиёсатини амалга ошириш ҳамда энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия қувватлари улушини кўпайтириш бўйича 2023 йилда қилинган ишлар ва 2024 йилга мўлжалланган режалар тақдимоти билан танишиш чоғида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия қувватлари улушини кўпайтириш учун инвестицияларни жалб этиш ғоятда муҳим. Шу боис, ўтган йилда жами 22 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу эса аввалги йилга нисбатан 1,8 баробар кўпдир.

Шунингдек, бугунги кунда юртимизда қуёш, шамол ва гибрид турдаги электр станцияларни давлат-хусусий шериклик асосида барпо этиш бўйича умумий қуввати 6,3 гигаватт бўлган 28 та лойиҳа доирасида иш олиб бориляпти. Шундан 2023 йилда хорижий инвесторлар билан биргаликда умумий қуввати 2,6 гигаваттлик 7 та лойиҳа доирасида дастлабки қувватлар ишга туширилган.

Хусусан, ўтган йил 27 декабрь куни давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган маросимда Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бешта қуёш фотоэлектр станцияси, Навоий вилоятида шамол электр станцияси қувватлари тармоққа уланди. Айни пайтда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Франция ва Швейцария каби мамлакатларнинг компаниялари билан ҳамкорликда “яшил” станциялар ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш бўйича 12 лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Жамият ва иқтисодиёт ривожланиши бир жойда тўхтаб турмайди. Шу сабабли юртимизда энергетика тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Сабаби бу — ҳозирги давр талабидир. Чунки охирги йилларда электр энергиясига бўлган талаб кескин ошади. Бу эса, ўз навбатида, янги ташаббус ва ғояларни амалга оширишга ундаяпти.

Ортда қолган 2023 йил Ўзбекистонда энергетика соҳасида ўзига хос йил бўлди. Шу даврда Президентимиз ташаббуси билан 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станциялари ишга туширилиб, электр тармоқларига уланди. Ишга туширилган электр станцияларнинг БАА ва Хитойнинг халқаро тажрибага эга компаниялари томонидан амалга оширилиши юртимиз аҳолисини, ижтимоий объектларни ва иқтисодиёт тармоқларини 2,4 гигаваттлик “яшил” энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

Лекин ҳозирги давр бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Йиғилишда “яшил” энергетикани ривожлантириш масалалари кўриб чиқилар экан, ўтган йилда бошланган лойиҳаларни 2024 йилда тўлиқ якунига етказиш вазифалари, келгуси йилларда “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни яратиш режалари ҳам муҳокама қилинди.

2024 йилда қуёш электр станцияларининг умумий қувватини 2,6 гигаваттга, шамол электр станциялари қувватини 900 мегаваттга етказиш ва 400 мегаваттлик энергия сақлаш қурилмаларини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам тарихий резонанс бериб, кейинги босқичларга замин яратади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда олиб борилаётган ижобий ислоҳотлар натижасида иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бу нафақат ички бизнесни ривожлантиришга, балки ташқи инвесторлар учун жозибадор муҳит ҳамдир. Йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси шубҳасиз, мамлакатимиз аҳолисини сифатли ва узлуксиз энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    449
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+