Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва бизнесни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилади

09.01.2024, 11:17

Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва бизнесни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда ишсизликни олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада хотин-қизлар ва ёшларни турли касб-ҳунарларга ўқитиш, тадбиркорлигини бошлашлари учун имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиб бериляпти, бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.

Расмий статистикага кўра, юртимизда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилади. Бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади.

Шуларни инобатга олиб, сифатли ва юқори даромадли иш ўринлари ҳисобига жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Жумладан, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор.

Бундан ташқари, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Президентимиз 8 январь куни аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишар экан, мутасаддилар бу борадаги дастурлари бўйича ахборот берди.

Йиғилишда сўнгги йилларда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилгани таъкидланиб, энди уларнинг фаолиятини кенгайтириш, босқичма-босқич кичик бизнесга ўтказиш ва бозор топишига кўмаклашиш муҳимлиги айтилди. “Менинг бизнесим” платформаси, “Бизнесга биринчи қадам” банк карталари жорий этилиши бунинг учун қулайлик яратади.

Иқтисодий айланмага киритилмаган ерларни инфратузилмага улаш, лойиҳаларни ишга тушириш учун ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди. “Агрегатор” тизими асосида “100 минг экспортчи деҳқон” дастури жорий қилиниб, бу йил 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши белгиланди.

Меҳнат стажига эга бўлмаган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий реестрдаги фуқароларни ишга олган корхоналарга солиқ бўйича енгилликлар қўллаш муҳимлиги ҳам айтиб ўтилди.

Тақдимотда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш тартибини соддалаштиришга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Маълумки, бу йил юртимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бизнесни юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсад қилинган.

Айтиш жоизки, шу пайтгача тадбиркорлардан мавжуд маълумотларни қўшимча равишда талаб қилиш ҳолатлари бор эди. Жорий йилдан бошлаб 34 турдаги ҳисоботлар бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида ҳар йили 21 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 500 миллион сўм харажати тежалади.

Ўзи умуман, тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ягона рўйхати тасдиқланмаган. Шу боис давлатимиз раҳбари ягона ҳисоботлар тизимини жорий қилиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, тадбиркорларга мажбурий талабларни қисқартириш мақсадида 16 та лицензия ва рухсатномани бекор қилиш лозимлиги белгиланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қонунчилик палатасидаги депутатларимиз ҳам ушбу берилаётган енгилликларни тадбиркорларга етказишда, уларнинг таклифларини доимий ўрганиб, тегишли ташкилотлар орқали ечим топишда фаоллик кўрсатади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

 

  • Кўрилди
    237
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+