Коррупцион ҳолатларнинг олди олинади

15.01.2024, 18:41

Коррупцион ҳолатларнинг олди олинади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида фуқароларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни уларнинг ижтимоий оғирлик даражасидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва жарима тарзидаги маъмурий жазоларнинг миқдорини мақбуллаштириш, маъмурий иш кўриб чиқилишида аҳолининг оворагарчилигини, коррупция ҳолатларини ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурати юзага келмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан маъмурий жазолар миқдорини камайтириш, уларни бир хил кўринишга келтириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳамда аҳолига енгилликлар яратиш лозимлигини инобатга олган ҳолда белгиланишини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартишлар киритиляпти.

Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди.

Хусусан, фракция аъзоси Тўлқин Каримов қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталар экан, унда назарда тутилаётган янгиликлар ҳуқуқни қўллаш амалиётида ва маъмурий ишларни кўриб чиқишда ортиқча бюрократияни ҳамда коррупцион ҳолатларни олдини олишга хизмат қилишини қайд этди.

Фракция аъзолари Бахром Раҳмоналиев, Нодир Абдувалиев ва бошқа депутатлар мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ҳужжатдаги айрим нормалар бўйича қатор саволларни ўртага ташлашди.

Қонун ташаббускорлари берилган таклифлар асосли эканлигини қайд этган ҳолда, кўтарилган савол юзасидан асослантирилган жавоблар бериб ўтдилар.

Қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси фракциялар аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б. Закировнинг жавоби ҳам кўриб чиқилди.

  • Кўрилди
    309
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+