Бу йил ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган

17.01.2024, 16:29

Бу йил ялпи ички маҳсулот ҳажмини  100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган

Ўтган кунларни сарҳисоб қилиб, янги истиқболли режаларни белгилаш халқимизга хос бўлган хайрли анъаналардан бири. Шу маънода олиб кўрилганда, жорий йил 16 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишини ҳам сарҳисоб ва истиқболли режалар ижросининг ўзига хос дебочаси, десак ўйлайманки янглишмаймиз.

Ўтган йилги натижалар эса, сарҳисоб қилишга арзигулик. 2023 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Жумладан, саноат 6, хизмат кўрсатиш 6,8, қурилиш 6,4, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсган. Бироқ, бу ютуқ ва муваффақиятлар ҳеч кимни хотиржамликка чорламаслиги, аксинча янгидан янги марраларни эгалашга замин тайёрлаши лозим.

Танқидий-таҳлил руҳида ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, бу йил мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.  Яқин-яқингача кўпчиликка қўл етмас орзудек кўринган бу марра, бугун сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатлар натижасида реал воқеликка айланиш арафасида.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун “2024 йил – таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили” бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш, молиявий интизом, солиқлар тушумини ўз вақтида таъминлаш, корхоналар харажати асоссиз ўсишининг олдини олиш, божхона, бюджет тушуми учун яна катта захиралар, яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш, бу ишларни мувофиқлаштириш ва кучайтириш,  бюджет харажатларининг самарадорлиги каби долзарб масалалар муҳокама қилиниб, танқидий-таҳлил қилинди, амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Айни пайтда мазкур йиғилишда муҳокама қилинган масалалар кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турибди. Аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотларда, ўзаро суҳбатларда видеоселектор йиғилишида айтилган танқидий фикрлар, белгиланган вазифалар, кутилаётган ўзгариш ва янгиликлар атрофлича муҳокама қилинмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки, юртдошларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан жараёнларнинг оддий кузатувчиси эмас, балки бевосита иштирокчилари эканликларини яққол ҳис қилиб турибдилар.

Шу сабаб, ҳаётий ўзгаришлар билан ҳамоҳанглик, ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган хато ва камчиликларга муросасизлик, яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имтиёзлар, амалга оширилаётган янгиликлар замирида, авваламбор, инсон манфаати, Ватан ва халқ манфаатлари устивор эканлигига қатъий ишонч, бугунги кунда кўпчиликнинг кайфиятини, иштиёқи ва шаштини белгилаб берадиган омилларга айланган.

 Шундай экан, белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримиздан, айниқса, депутатлардан, партия фаолларидан  фидойиликни, зиммамизга юкланган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда фаолиятимизни янада жонлантиришни талаб қилади.

Ғанишер Авалбоев,

халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    319
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+