Ўзаро ишонч ва дўстона алоқалар – тараққиёт омили

25.01.2024, 14:21

Ўзаро ишонч ва дўстона алоқалар – тараққиёт омили

Айни кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат  ташрифига оид воқеалар ривожига нафақат дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари ва таҳлилчи экспертлар, балки  бутун халқимиз, кенг жамоатчиликнинг  диққат эътибори қаратилаётгани асло бежиз эмас.

Бунинг боиси шуки, икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ришталари  жадал ривожланмоқда ва бу борадаги сайьи-ҳаракатлар халқимизнинг чуқур эътирофига сабаб бўлмоқда. Бу борадаги мисоллар ва рақамлар ҳам ана шундан далолат беради.  Масалан, икки мамлакат ўртасиди имзоланган ҳужжатларга кўра,  2023-2027 йилларда ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури  амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди. 2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда фаолият юритаётган Хитой капитали иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 2 337 тани ташкил этмоқда. Бу ўтган 2023 йилнинг 1 январига  нисбатан 196 тага кўп демакдир. Мамлакатимизнинг  2023 йилдаги 62,6 миллиард долларлик ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар орасида Хитой етакчи бўлиб, унинг бу борадаги улуши 14 миллиард долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг 24 январида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзаро  ишонч ва дўстона алоқалар – тараққиёт омили” мавуидаги давра суҳбати айни шу ташриф ва унинг натижаларини ўрганишга бағишланди.

Унда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигига 30 йилдан ошди. Йил сайин икки мамлакат ўртасидаги ўзаро сиёсий ишонч ва дўстона алоқалари изчиллик билан мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барқарор юқори суръатни намойиш этиб, ўз тарихидаги энг намунали даврга қадам қўйди. Ўтган етти йил давомида давлат етакчиларининг   8 марта учрашуви бўлиб ўтди.   2022 ва 2023   йиллар давомида амалга оширилган ўзаро давлат ташрифлари якунларига кўра 60 га яқин ҳужжат имзоланган бўлиб, умумий қиймати 40 миллиард доллардан ортиқ бўлган савдо шартномалари ва инвестиция битимларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган эди.

Айтиш мумкинки, бу галги ташриф ва унинг доирасида эришиладиган икки томонлама шартнома ва битимлар ҳам тарихи ва цивилизациялари муштарак бўлган Ўзбекистон ва Хитой халқлари ҳаёти янада фаровонлашишига хизмат қилади. 24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги  музокаралари, ташриф давомидаги учрашувлар ва  улар ниҳоясида имзоланган кўплаб  ҳужжатлар ушбу жараённи янги босқичга кўтарилаётганини яққол исботлайди.

ТИҚХММИ миллий тадқиқот университети ва ЎзЛиДеП ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, техник-иқтисодий  ва инсон ресурсларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш,  Хитой – Марказий Осиё – Европа темир йўл экспресслари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш, янги электр транспорт воситалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва 2024-2026 йилларда туризм соҳасидаги алоқаларни янада кучайтиришга қаратилган ҳужжатлар бу борадаги фаолиятнинг бардавом бўлишидан далолат бераётгани алоҳида таъкидланди.

Қиём Назаров,

фалсафа фанлари доктори,

профессор

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    177
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+