Мактаб ўқувчилари тарбиясига ота-оналар ҳамда маҳалла раисларининг ҳам масъулияти оширилади

06.02.2024, 15:36

Мактаб ўқувчилари тарбиясига ота-оналар ҳамда маҳалла раисларининг ҳам масъулияти оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистонда ижтимоий давлат қуриш стратегик мақсад этиб белгиланган. Аҳоли турмуши учун муносиб шароитлар яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Охирги етти йилда мактабгача таълимда қамров 27 фоиздан 74 фоизга етди. Янги мактаблар қурилиб, қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Президент мактаблари ташкил этилди, ихтисослаштирилган мактаблар кўпайди. Олий ўқув юртлари сони 200 тадан ошиб, қамрови 42 фоизга етди. Таълим ва тиббиётда хусусий секторга кенг йўл очилиб, сифатга интилиш пайдо бўлди.

Шу билан бирга, бу соҳаларда аҳоли билан ишлаш, стандартларни янгилаш ва рақамлаштириш борасида камчиликлар бор. Йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, жорий йилги вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари мактаблардаги тарбия ва маънавият масаласига алоҳида тўхталди. Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” ҳосил қилиш зарурлиги таъкидланди. Мактаблардаги 2 мингта инспектор-психолог штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.

Дарслардаги давоматга, тарбияси оғир ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратилади. Ота-оналар ва маҳалла раисларининг бу борадаги масъулияти оширилади. “Мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформаси ишга туширилади.

Ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқлар таҳлил қилиниб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш ва ижобий томонидан фойдаланиш чоралари кўрилади. Шунингдек, ота-оналар учун фарзанд таълим-тарбияси бўйича халқчил тилда қўлланмалар тайёрланади.

Умуман олганда давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо қилаётган эканмиз келажакда фарзандларимизни соғлом, баркамол бўлиб улғайиши, ватанга садоқат руҳида тарбия топишини хоҳлаймиз.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+