Хусусий университетлар бизга керакми?

29.02.2024, 11:51

Хусусий университетлар бизга керакми?

Таълим соҳасида сифатни таъминлаш, соҳани ривожлантириш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим қамрови 70 фоиздан ошди, мактаб таълимида 300 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратилди, хусусий мактаблар сони 450 тага етказилди, шунингдек, олий таълимдаги қамров 40 фоизга яқинлашиб, фаолият кўрасатаётган олий таълим ташкилотлари 210 тага етди.

Лекин кейинги пайтларда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилган адолатли ва асосийси, натижадорликка йўналтирилган истиқболли ислоҳотлар туфайли ташкил қилинган хусусий таълим муассасаларига нисбатан жамоатчилик ўртасида ишончсизликни келтириб чиқаришга сабаб бўлувчи айрим маълумотлар ҳам пайдо бўлмоқда. Улар асосан мактабгача таълим, мактаб таълими ва олий таълим тизимида фаолият юритувчи хусусий сектор вакиллари фаолиятига тегишлидир.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: “Хўш, хусусий таълим бизга керакми ўзи?  Жавоб эса битта: “Ҳа, албатта керак, фақат амалдаги белгиланган қонун талабларига мос равишда фаолият кўрсатиши шарт!”

Кўряпмизки, давр шиддатли, вақт эса кутиб турмайди. Демографик ўсиш жадаллашяпти, йилига туғилишлар сони 900 мингдан ошган, боғчага, мактабга ва олий таълимга кириб келувчи талабгорлар ҳам шунга яраша кўпайиб бормоқда.

Танлаган йўлимиз барқарор тараққиёт ва интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ёшларни тарбиялаш экан, албатта, таълимни юксалтириш ўта зарур. Бунинг учун соҳага фақат давлат эмас, балки бутун жамият инвестиция киритиши лозим.

Янги ислоҳотлар даврида таълимга хорижий ва хусусий инвестицияларни жалб этиш учун барча шароитлар, имконият ва ҳуқуқий асослар яратилди. Натижада мактабгача таълимдаги қамров 22 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда 9 фоиздан 38 фоизга етди. Соҳада рақобат муҳити шаклланди, фарзандларимизга сифатли таълим бериш учун кураш давом этмоқда. Ота-оналар ўғил-қизларининг замонавий касбга эга бўлишлари учун ҳар қандай шароитда ҳам имкони борича олий маълумот олишига интилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда 65 та хусусий олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Аммо айрим мутасаддилар томонидан хусусий олий таълим муассасалари фаолиятига нисбатан ҳамон ўгай муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда. Табиийки, тараққиётга эришиш йўлида баъзан хатоликлар, камчиликлар ва муаммолар, албатта, бўлади, буни тўғри қабул қилишимиз керак. Энг асосийси, учраётган катта-кичик хатоликларни ўз вақтида тўғрилаш, нуқсонларни бартараф этиш ва муаммоларни ҳал қилиш учун қонуний асосларга суянишимиз зарур.

Муаммоли ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаган ҳолда, уларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбир кўриш хусусий олий таълим муассасасининг лицензиясини олиб қўйишдан кўра фойдалироқ бўлади. Бошқа жиҳатдан, хусусий таълимга нисбатан бундай муносабат Президентимизнинг қатъий сиёсий иродалари натижасида яратилган янги тизимга соя солиши мумкин. Яъни, оқибатда таълим соҳасига хорижий ва маҳаллий инвестициялар оқими камаяди, мавжуд хусусий таълим ташкилотлари ташаббускорлари бошқа бизнес йўналишларини танлаши натижасида қамров янада пасаяди, хусусий таълимдаги жозибадорликка зарар етиб, ишончсизлик муҳити юзага келиши мумкин.

Ўз навбатида, хусусий таълим ташкилотлари ҳам ўз қобиғига биқиниб олмасдан, энг аввало, давлат идоралари билан узвий ҳамкорликда барча амалий ишларни қонунларимизга мослаган ҳолда шаффоф ташкил қилиши анча фойдали. Мамлакатимизда шу соҳа вакиллари олдига хусусий таълим тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳим вазифа сифатида қўйилар экан, қаратилаётган эътиборни ҳам шунга яраша мослаштиришимиз зарур. Айниқса, умид билан фарзандларини ўқитаётган ота-оналарни ортиқча оворагарчиликларга гирифтор қилмаслик керак.

Бахтиёр РУҲИТДИНОВ,

 O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

 бизнес тузилмалар ва фермерлар билан  ишлаш бўлими мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+