САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРЛАРИ ИЖРОСИ: ҲАЁТГА КЎЧАЁТГАН ЭЗГУ МАҚСАДЛАР

29.02.2024, 11:53

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРЛАРИ ИЖРОСИ: ҲАЁТГА КЎЧАЁТГАН ЭЗГУ МАҚСАДЛАР

ХУСУСИЙ БИЗНЕС –  БАРЧА СОҲАЛАР ЛОКОМОТИВИ

Бундан 21 йил аввал мамлакат сиёсий майдонига кириб келган тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси дастлабки йилларданоқ ўз электорати ҳисобланган барча жабҳадаги тадбиркорлар ва фермерлар манфаатининг ифодачиси сифатида намоён бўлган эди. Кейинчалик эса жамиятимизнинг барча фаол қатламларини фаровонлик ва тараққиёт мақсадлари йўлида бирлаштирувчи етакчи сиёсий куч сифатида танилди.

Таъкидлаш керакки, хусусий бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш доимо партиямизнинг бош вазифаси бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. O‘zLiDePнинг барча сайловолди дастурларида ҳам ана шундай қатъий қараш, ёндашувни шакллантирган сабаблар, омиллар  ўз аксини топган. Асосий гап фақатгина ўрта синф мулкдорлари партияни шакллантирган ижтимоий қатлам  эканлигида ҳам эмас. Масала шундаки, тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароит бевосита ва билвосита  мамлакатимизнинг барча соҳалардаги салоҳияти ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса тадбиркорликнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрнини ҳам кўрсатади. Шунингдек, аҳолини турли-туман маҳсулотлар билан таъминлаш, нархлар барқарорлигини сақлаш, юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий хизматлар кўрсатиш, қарийб барча соҳаларга янги ва замонавий технологиялар, иш услубларини жорий қилиш ва бошқа талай йўналишларда хусусий секторнинг аҳамияти беқиёс. Қисқаси, халқ фаровонлиги, жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик кўп даражада мамлакатда айнан хусусий секторнинг роли кучайишига боғлиқ. Демак, тадбиркорлик –  барча соҳалар локомотиви, деб баралла айтиш мумкин.

Мамлакатимизда тадбиркорлик янада кенг қулоч ёзишидан ҳамма манфаатдорлигидан келиб чиқиб, O‘zLiDeP ҳамиша хусусий бизнес ривожига сезиларли таъсир кўрсатадиган ғоя-мақсадларни ўз олдига қўйган. Хусусан, 2019 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов олдидан сиёсий куч ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш борасида бир қанча йирик, кўламдор, энг муҳими, реал вазифаларни белгилаб олганди.

 

ҲАР БИР ОИЛА –  ТАДБИРКОР

“Ҳар бир оила – тадбиркор” ғоясини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш ҳам худди шундай долзарб вазифалар сирасига киради. Сиёсий куч халқимизнинг ишбилармонлик салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бизнеснинг бошқа  турларини кенг оммалаштириш, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Айниқса, мазкур йўналишдаги бизнес лойиҳаларнинг молиявий қўллаб-қувватланишига катта эътибор қаратил япти. Чунки ҳар қандай бизнеснинг тикланиши, оёққа туриши учун биринчи навбатда моддий ресурслар зарур. 

2020 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жами 215 мингта лойиҳага 6 078,5 млрд сўм кредитлар ажратилган. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 184 мингта лойиҳага жами 4,7 трлн сўм сармоя берилди.

2021 йилда эса тадбиркорликни ривожлантириш учун 11,3 трлн сўм кредит маблағлари ажратилди.

Президентимизнинг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 трлн сўм йўналтирилиши белгиланди. Ушбу ишлар жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишга ижобий таъсир кўрсатди. 

Мазкур йўналиш бўйича партиянинг ҳар бир ҳудудий тузилмаси фаол иш олиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардик. O‘zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши мисолида оладиган бўлсак, партиянинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси доирасида 2020–2023 йиллар давомида 48 та ўқув-семинар, очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Уларда 2 400 дан ошиқ киши иштирок этди.

Фаоллар ва депутатларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкор ташкилотлар кўмагида 2023 йилда вилоятда  7 минг 432 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш истагида бўлган 14 минг 742 нафар аёлга 185,6 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилишига партия фаоллари муносиб ҳисса қўшишди.

Муайян ютуқлар қўлга киритилган экан, бунда сиёсий кучнинг асосий функцияси – жамоатчилик назорати ҳам катта роль ўйнаганини қайд этиш зарур. Тўрт ярим йил давомида шу йўналишга доир қонун ҳужжатлари, жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил  16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бажарилиши бўйича ҳам депутатларимиз 100 дан зиёд мансабдор шахснинг ҳисоботларини тинглаб, мавжуд камчиликларнинг бартараф этилиши юзасидан таклифлар, тавсиялар беришди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиздан иборат ишчи гуруҳлар   тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича берилаётган имтиёз ва енгилликлардан жойлардаги тадбиркорларнинг қай даражада самарали фойдаланаётгани, шунингдек, уларга ваколатли давлат органлари масъуллари томонидан кўрсатилаётган ёрдам ҳолатлари ўрганилди. Жами мингга яқин тадбиркор билан бевосита суҳбатлашиш орқали кўплаб муаммолар аниқланди ва уларнинг ҳал этилишига қаратилган   ишлар амалга оширилди.  ФАОЛ

 

ИШБИЛАРМОНЛИК МАДАНИЯТИ ВА  ТАФАККУРИ  РИВОЖИГА ҚЎШИЛГАН ҲИССА

Мамлакатимизда тадбиркорликнинг янада кенг миқёсда ривожланиши, аввало, одамлар онг-тафаккури, дунёқараши ўзгаришига ҳам  боғлиқ, албатта. Бинобарин, беш йил аввал O‘zLiDeP жамиятимизда фаол тадбиркорлик маданияти шаклланишига кўмаклашиш вазифасини ҳам зиммасига олган эди.

Аввало, шуни айтиш зарурки, мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган янги иқтисодий сиёсат туфайли яна юз минглаб юртдошларимиз тадбиркорга айланди. Республикамизда тадбиркорлар сони деярли 1 миллионга етди.   Бу соҳада давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, албатта, ишбилармонлик маданияти ривожига, одамларда тадбиркорлик туйғуси  ўсишига ҳам катта туртки берди. 

Бу ҳақда сўз юритганда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги “Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини ҳам қайд этиш лозим. Ҳужжатга кўра, аҳолининг тадбиркорликка қизиқиши бўлган қатламларини ҳамда тадбиркорларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмалари бўйича қисқа муддатли пулли, хусусан, кейинчалик бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ўқитиш, оилавий тадбиркорлик дастурлари орқали кредит олишни мўлжаллаган аҳоли қатламлари учун қисқа муддатли ўқитиш, аҳоли ҳамда тадбиркорларга тадбиркорлик ва бизнесга оид ўқув материалларини (жумладан, электрон шаклда) тайёрлаш Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Партиямизнинг турли ҳамкор ташкилотлар билан амалга ошираётган “Тадбиркорлар ва депутатлар мулоқот форуми”,  “Менинг бизнес лойиҳам”, “Энг намунали деҳқон хўжалиги”, “Энг намунали фермер”  ва бошқа лойи ҳалари ҳам тилга олинган мақсадга  хизмат қилиши билан аҳамиятли. Мазкур лойиҳалар доирасида ўтган даврда  8 мингдан ортиқ турли шакллардаги тадбирлар ўтказилди, уларда 300 мингга яқин фуқаро иштирок этди.

O‘zLiDeP фермер ва тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий саводхонлигини ошириш, тадбиркорлик маданиятини юксалтиришга  қаратилган “Бунёдкор аёллар” лойиҳасини ҳам изчиллик билан амалга оширяпти. Ўтган йили лойиҳа доирасида хотин-қизларнинг таълим олиши ва касбий кўникмалар ўзлаштириши, муносиб иш топиш ларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтиришга қаратилган 633 та тадбир ташкил этилди. 

“Намунали томорқачи аёл – фаровонлик бунёдкори!” лойиҳаси доирасида туманларда 314 та маҳорат дарси ташкил этилиб, уларда 5 минг 700 нафар опа-сингилларимиз иштирок этди. Партиямиз “Аёллар қаноти” кўп йиллардан буён ўтказаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови, жумладан, ҳар томонлама ҳурматга лойиқ инсонлар фаолиятини тарғиб қилиш, уларни ўрнак қилиб кўрсатишда катта аҳамиятга эга.  Танловнинг ўтган йилги ҳудудий ва республика босқичларида икки мингдан ортиқ аёл қатнашди. 

“Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси ҳам муваффақиятли олиб бориляпти. Лойиҳа доирасида ҳудудларда 730 дан зиёд қисқа ўқув семинарлар ва маҳорат машғулотлари ташкил этилиб, жами 250 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар қамраб олинди.

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” келажагимиз эгаларининг тадбиркорликка қизиқишини оширишга қаратилган  “Ёш тадбиркорлар лигаси”, “Диплом билан бизнесга”, “Менинг ғоям”, “Тадбиркорликка илк қадам”, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар учун эса “Ёш тадбиркор” каби лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. 

Мазкур лойиҳаларда 390 мингдан зиёд йигит-қиз қатнашяпти.  Бу саъй-ҳаракатларимиз  тадбиркорнинг ички дунёси ва руҳиятини юксалтириш, ижтимоий масъулиятини ошириш, адолатни адолатсизликдан, ҳалолликни эгриликдан, оқилликни жоҳилликдан ажрата билиш қобилиятини ривожлантириш, ўз-ўзини англаш, дид-фаросати ва ақл-заковатини теранлаштиришга ҳам йўналтирилгандир.

Пировардида шуни қайд этишни истардикки, юқорида партиямизнинг кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорликни эркинлаштиришга қаратилган 30 га яқин дастурий мақсадининг иккитаси ҳақида сўз юритдик, холос. Бу борадаги бошқа ваъдаларимиз, вазифаларимиз ҳам  асосан амалга ошди. Навбатдаги чиқишларимизда шу тўғрисида батафсил маълумот берамиз.  

Сардор МАРИПОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

мафкуравий ишлар бўлими мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    255
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+