Ўзим Ғиждувондаману маҳсулотларим хорижда

05.06.2024, 10:17

Ўзим Ғиждувондаману маҳсулотларим хорижда

Президентимизнинг Бухорога навбатдаги ташрифи доирасида вилоят фаоллари ҳамда пешқадам тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан мулоқоти айнан Ғиждувон туманида ташкил этилгани бежиз эмас. Чунки бизникилар азал-азалдан ишбилармон, тадбиркор қатлам вакилларидир.  

Соҳа ривожи учун яратилган шарт-шароитлар туфайли туманда 2 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлади, саноат икки карра ўсди.  Аммо  юздан ортиқ саноат маҳсулотлари хонадонларда яширин ишлаб чиқарилаётгани ачинарли. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бу оилаларга узоқ бўлмаган ҳудуддан жой ажратиш, электр билан таъминлаш  ва молиявий кўмак бериш борасида аниқ вазифалар белгиланди. Белгиланилишича, 20 та маҳалладаги бўш ерда ишлаб чиқариш иншоотлари қурилади ва 400 та оилага бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашилади. Қарабсизки, яна 2 мингта янги иш ўрни яратилиб, туман ишсизликдан холи ҳудудга айланади.

Шунингдек, яширин фаолиятидан чиқиб ошкора ишламоқчи бўлган оилаларга 100 миллион сўмгача кредитлар ажратилади, тадбиркорлар иш ўрни ва айланмасини қонунийлаштиргани учун бир йилда тўлаган солиқларининг ярми ўзларига қайтариб берилади ва ушбу тажриба мамлакат миқёсида оммалаштирилади. Бу эса юртимизда яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, ишбилармонларнинг эмин-эркин фаолият ила солиқ  қонунчилигига риоя этишида асосий мезон бўлиб ҳисобланади.

Президентимиз ўз маърузасида Ғиждувоннинг ўзида 25 минг иш ўрни, қўшимча 50 миллион долларлик экспорт имконияти борлигини таъкидлагани ғоят қувонарлидир. Бу эса  барча маҳаллий  тадбиркорлар қатори мени ҳам ўз ишлаб чиқариш фаолиятимга  давр талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашишга ундади.

Шахсан ўзим “Ғиждувон машҳураси” хусусий корхонаси раҳбари сифатида 27 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан машғулман. Имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда Ғиждувон эркин иқтисодий зонасидан жой олдим ва имтиёзли кредит асосида 2 босқичли лойиҳамни амалга оширдим. Биринчи босқичда Хитойдан ускуна олиб келиб, қурилиш-пардоз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Лойиҳа бутунлай ўзини қоплади.

Иккинчи лойиҳам – маҳсулотларимизнинг 90 фоизини  Франция, Россия, Туркия, Испания, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларга экспортга чиқаряпмиз. Маҳсулотларимизга хориждан талаб тобора ошиб бораётгани боис Хитойдан яна 4 та ускуна сотиб олиш учун шартнома имзоладик. Натижада  яна 60 та иш ўрни яратилади. Йил охирига қадар яна бир янги лойиҳа – ламинант поллар ишлаб чиқариш устида ишлаяпмиз.   

Бундан кейин ҳам бутун куч, билим, тажриба ва ғайратимизни давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга сафарбар этаверамиз.

Замира САФАРОВА,
 O‘zLiDeP  Ғиждувон туман кенгаши раиси,

“Ғиждувон Машҳураси” хусусий корхонаси раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    217
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+