O‘zLiDeP фракцияси Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан давра суҳбати ташкил этди

14.01.2019, 11:38

O‘zLiDeP фракцияси Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан давра суҳбати ташкил этди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигини йигирма етти йиллик байрами муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. Унда депутатлар, парламентнинг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси фаоллари, Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари, Қуролли Кучлар Академияси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Мамлакатимиз мудофаа тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги натижасида жанговарлиги, тактик маҳорати жиҳатидан ҳеч кимдан кам бўлмаган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланиб, ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, миллий армиямиз эса, жамиятимизнинг ажралмас қисмига ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилиб келмоқда.

Ўтган даврда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қонунчилик базаси мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида», «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида», «Муқобил хизмат тўғрисида»ги Қонунлари, янги таҳрирда Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси қабул қилинганлиги, миллий армиямизни ташкил этиш ва ривожлантиришда асосий пойдевор вазифасини бажарганлиги депутатлар томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.

Ҳарбий соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати, ҳарбий кадрлар салоҳиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлигидадир. Негаки, малакали кадрлар тизимини шакллантириш бевосита ҳарбий хизматчиларнинг профессионал, жанговар, интеллектуал даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Тарихга назар ташласак, истиқлол йилларида мамлакатимиз ҳудудида жойлашган учта олий ҳарбий билим юртларида фақатгина учта йўналиш бўйича мутахассис тайёрланиб, маҳаллий офицерлар юртимиздаги ҳарбий кадрларнинг бир фоизини ҳам ташкил этмаган. Ҳозирга келиб эса, Қуролли Кучлар академиясида еттита, Мудофаа вазирлигининг олтита олий ҳарбий таълим муассасаларида 28 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер кадрлар, сержантлар тайёрлаш мактабларида 26 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича сержантлар тайёрланмоқда. Қуролли Кучлар Академияси ҳузурида қўмондонлик ва бошқарув таркиби бўлган офицерлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича Олий курслар ташкил этилиб, таълим босқичма-босқич ва узлуксиз таъминланмоқда.

Охирги икки йил давомида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилиб, ҳарбий бошқарув тизими оптималлаштирилди, жанговор самарадорлиги бўлмаган, бир бирини такрорловчи тузилмалар ўрнига жанговор бригадалар ташкил этилди. Армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ривожланган мудофаа саноати инновацион ва юқори технологияларга асосланган иқтисодиётнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ташкил қилиниши миллий мудофаа-саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи ва энг муҳим қадамлардан бири бўлди. Иқтисодиётнинг тўлақонли мудофаа секторини шакллантирилиши эса, яқин келажакда миллий армиямизни қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш билан бирга, қўшимча янги иш ўринлари яратиш, мамлакатимиз иқтисодиётини диверсификация қилиш имконини ҳам беради. Ушбу йўналишда ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган, импорт ўрнини босадиган, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган комплекс вазифалар амалга оширилмоқда.

«Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат» концепцияси доирасида юртимизда жамоат тартибини таъминлашга қаратилган ишларни амалга оширишда янги тузилма – Миллий гвардия ташкил этилиб, унинг фаолияти жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли террорчилик хатарларидан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши ва интилиши ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос намуна бўлмоқда. Ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция, Ватанга бўлган садоқат туйғусини шакллантириш, ўрта мактабдан олий ўқув юртигача узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича яхлит тизим яратилмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномада таъкидлаганидек, мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошлаган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш, мудофаа ва қуролли кучларни ислоҳ қилиш борасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш – Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, республикамиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

  • Кўрилди
    1677
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+