Ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида аҳоли томорқаларига экин экиш ҳолатини ўрганди

11.04.2020, 16:37

 Ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида аҳоли  томорқаларига экин экиш ҳолатини ўрганди

Шу йил 8 апрель куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди ва бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига экин экиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд вилоятига борди.   

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Булунғур туманида бўлиб, ҳудудда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги экинларни экиш ҳолатларини ўрганди.

Айни пайтда туманда томорқадан яхши даромад олиб, рўзғорини тўкин, турмушини обод қилаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. “Гулобод” МФЙда яшовчи Б.Сафаров, Р.Эгамқулов, М.Облонов, Н.Қўшанов ва О.Абдурашидовлар ана шундай миришкорлардан.

Учрашувлар чоғида ишчи гуруҳ аъзолари томорқачиларнинг ерни ҳар бир қаричидан унумли фойданиб, яхшигина даромад олаётганига гувоҳ бўлдилар. Суҳбат ва мулоқотлар чоғида томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, мўл-кўлчиликни таъминлашнинг энг самарали йўли эканини айтиб, ердан унумли фойдаланиш лозимлигини тушунтирдилар. 

Тумандаги “Қўнғирот” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Каттакуёнчи” қишлоғи аҳли ҳам азалдан ер билан тиллашган. Улар асосан карам, саримсоқ, помидор ва бодринг етиштиришади. 

– Қишлоғимизда томорқадан унумли фойдаланаётган оилалар кўп, – дейди тадбиркор И.Кушинов. – Томорқасида мўъжазгина иссиқхона ташкил этиб, помидор, бодринг, турли кўкатлар етиштираётган қишлоқдошларимиз ўз оиласига даромад келтириш билан бирга, юртимиз фаровонлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Биз ҳам ўз ҳовлимизда иссиқхона қуриб, помидор кўчатлари етиштиряпмиз. Шукурким, меҳнатимиз ортидан хонадонимиз обод, рўзғоримизда барака бор. 

Ишчи гуруҳ аъзолари шу куни “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Гулсара Жўрабоева хонадонида ҳам бўлишди.

– Ер хазина, агар ундан самарали фойдаланилса, оилага катта даромад келтиради Биз ҳам икки сотих майдонда иссиқхона барпо этиб, лимон ва помидор етиштириб келяпмиз. Даромад ҳам чаккимас, – дейди Г.Жўрабоева.

Мулоқотлар давомида Президентимиз раислигида 8 апрель куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишида белгиланган вазифалар ҳақида маълумотлар берилди. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари моҳияти тушунтирилди.

Самарқанд туманидаги “Бехнав” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томорқачиликда яхшигина тажриба орттирган. Айтиш жоизки, ушбу маҳаллада қайси бир хонадонга кирманг, мўъжазгина томорқасини ҳам яшнатиб, фаровон ҳаёт кечираётганига гувоҳ бўласиз. 

Масалан, Қ.Шамсиев, А.Оқилова, О.Очиловлар ўз томорқасида иссиқхона ташкил этиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам халқимиз дастурхонига бодринг, помидор ва кўкатлар етказиб бермоқда.

Учрашувлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари мазкур хонадонларда бўлиб, иссиқхона фаолиятини кўздан кечирди. Бундай иссиқхоналарни кенгайтириш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича зарур тавсиялар, кўрсатмалар берди.

–Бугун миришкор деҳқон ва фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, яхши ният билан қишлоқ хўжалиги ишларини бошлаб юборди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, ишчи гуруҳ раҳбари А. Хаитов. – Мана, деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу ғанимат кунларда ҳам улар тушкунликка тушмай ўз томорқасида меҳнат қилиб, яхшигина даромад оляпти. Агар биз ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирсак, пандемия таъсирини юмшатган, ички бозорни сархил мевалар ва сифатли сабзавот маҳсулотлари билан тўлдирган бўламиз.

Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур учрашувлари давомида Самарқанд туманидаги 200 тонналик мева сабзавот сакланадиган музлатгич фаолияти билан ҳам танишди.

  • Кўрилди
    1541
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+