Томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш – бугунги вазиятда хиёнат билан баробар

13.04.2020, 20:53

Томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш – бугунги вазиятда хиёнат билан баробар

Маълумки, мамлакатимизда карантин эълон қилиниши натижасида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган кўплаб чекловлар ўрнатилиб, қоидаларга амал қилмаганлик учун жазо чоралари кучайтирилди.

Мамлакатимизда карантин эълон қилинган вақтдан бошлаб жорий йилнинг 10 апрель кунига қадар карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари 46 672 тани ташкил этди. Бу билан 47 мингга яқин фуқароларимиз ўз ҳаётини хавфга қўйди, яқинларига инфекция юқиш хавфини оширди.

Бундай вазиятда таъсирчан чораларни қўллаш орқали вазиятни назорат қилиш ва барчанинг саломатлигини асраш имкони туғилади.

Президентимиз раислигида шу йил 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбайи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.  

Йиғилишда аҳоли томорқасидан фойдаланмаслик эртага халқимизни боқиш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашда жиддий муаммога айланиши мумкинлиги таъкидланди. Чунки аҳоли томорқалари мамлакатимиз бўйича етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий манбаи ҳисобланади. Қолаверса, томорқаларда етиштирилаётган маҳсулот ҳажми бозордаги таклифни шакллантиради ва нархларга бевосита таъсир кўрсатади.

Бундай синовли кунларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ўрнатилган чекловлар даврида ҳовлимиздаги томорқалардан фойдаланишга нисбатан бепарволигимиз ёки ундан максимал даражада фойдаланмаслигимиз кечириб бўлмас даражадаги хиёнатдир. Бунинг натижасида ўзимизга, оиламизга, жамиятга ва давлатга катта зарар келтирамиз! Агар томорқадан самарали фойдалансак жисмоний саломатлигимиз яхшиланади, оиламизнинг даромади ортади, бозорларда нарх барқарор бўлади, давлатга бундай мураккаб даврда катта кўмак берган бўламиз.

Томорқадан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича сўнгги уч йилда жуда кўплаб воситалар белгиланди. Жумладан: солиқ ставкасини камайтириш, субсидиялар бериш, имтиёзли кредитлар ажратиш, айниқса, томорқасида ишлаётган фуқароларга иш стажи ёзиш белгиланди.

Айни чоғда томорқадан унумли фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги, синовли кунларда бунга ҳамма тўлиқ амал қилиши лозимлигини ва таъсирчан чоралар орқали ушбу масалани тартибга солиш кечиктириб бўлмайдиган масаладир.

Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров билдирган таклифлар афсуски, анча олдин амалга киритилган, фақат санаторияларга имтиёзли йўлланмалар бериш масаласи ҳозирги карантин даврида қандай қилиб юрагига сиғганлигига албатта таажубдаман.

Бахтиёр РУҲИДДИНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим мудири

  • Кўрилди
    926
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+