Шаҳрихондаги кичик саноат зонасининг муаммолари қачон ҳал бўлади?

15.06.2020, 17:31

Шаҳрихондаги кичик саноат зонасининг муаммолари қачон ҳал бўлади?

Шаҳрихон туманидаги “Ваҳм” массивидаги бўш турган 30 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил қилинган. Қурилиши ишлари аллақачон бошлаб юборилган. 54 та истиқболли лойиҳанинг ишга тушиши билан бу ерда чинакам ишбилармонлик муҳити яратилади.

Аммо айни кунга қадар бу саноат зонасида ишлар “гуллаб” авж олмаётгани қизиқ! Муаммонинг илдизини топишга ҳаракат қилдик. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши масъулларидан ҳамда халқ депутатлари вилоят ҳамда Шаҳрихон туман кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳнинг ўрганишлари масалани ўртага ташлади. Аслида саноат зонасига жой танлашда бонитети паст, ҳосилдорлик унумсиз ер майдони эътиборга олинган. “Ваҳм” массивидан “топилган” мазкур майдон ободонлаштирилишида, албатта, O’zLiDeP депутатларининг муносиб ҳиссаси бўлмоқда. Масалан, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шерзодбек Мақсудовнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳудудга тоза ичичмлик суви тортиляпти. Шағллаштириш ишлари бошланган. Табиий газ, электр энергияси муаммоси ҳам бир қадар ҳал этилган. Аммо ушбу электр энергиясининг қуввати ишлаб чиқариш лойиҳалари учун етарли эмас.

Муаммонинг муҳими – саноат зонаси жойлашган ҳудуд туман марказидан анча ичкарида жойлашган. 30 гектар ернинг 14 гектридагина иш бошланган. 16 гектар ер майдони бўш! Айрим лойиҳалар эгалари муаммолар “қалашиб” ётган ушбу зонада халигача қурилиш тадбирларини бошламаганларининг бош сабабларидан бири ҳам шу аслида! Ахир марказдан олисдаги ҳудуд, бунинг устига коммунал масалалар тўла ечилиши даргумон...

Шу эътирозли сабаблар кичик саноат зонасини туман марказига яқинроқ ҳудудга кўчириш учун яхшигина туртки бўлгани аниқ. Айни вақтда тадбиркорлик ҳудудининг ярми бошқа жойда қурилиш ишларини бошлаш арафасида.

-Мана шу кичик саноат зонасининг жойлашуви, муаммолари хусусидаги қайта-қайта ўрганишларимиз самарасини берди, - дейди халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгаши депутати, O’zLiDeP туман Кенгаши раиси Қаҳрамонжон Саримсақов. – Тадбиркорлар билан мулоқотларимиз ана шу масалаларни юзага чиқарди. Ахир ишбилармон ўзи учун қулай муҳитда фаолият олиб бормаса, юксалиш. Сифат ва ютуқларни қўлга кирита олармиди? Шу ўринда яна бир таклифимиз бор. Айни пандемия даврида саноат зонаси тадбиркорларига ҳужжатлар масаласида яна айрим имтиёзлар берилса, янада соддалаштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди...

Бугунга қадар 10 нафар тадбиркорга кадастр ҳужжатлари берилган холос. Қолганларга ҳам мазкур ҳужжатнинг берилиши тезлаштирилиши таклифи ҳам илгари сурилди.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1117
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+