Мен нега қарши овоз бердим?!

20.08.2020, 16:26

Мен нега қарши овоз бердим?!

Яқинда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг котибиятларини тузиш таклиф этилмоқда. Маҳаллий кенгашларни ҳалигача ҳокимлар бошқараётган бўлса, бу тузилма амалиётда қанчалик самара беради?

Йиғилишда ушбу масалага оид савол ва таклифларимни қонун ташаббускорларига берсам, қониқарли жавоб ололмадим. Шу сабабли бу қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилиши кун тартибига киритилишига қарши овоз бердим.

Ёки 17 август куни “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракциямиз йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддаси “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти”, деб ўзгартирилиб, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимлик аппарати томонидан эмас, балки тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти томонидан таъминланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари тузилиши муносабати билан қонун лойиҳасида “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида” ги қонуннинг 16-моддасига ҳам тегиш­ли ўзгартиш киритилмоқда, яъни депутат фаолиятининг ахборот ҳамда моддий-техника таъминоти учун шарт-шароитни эндиликда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари эмас, балки янги тузилма – халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятлари яратиб бериши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасига асос қилиб, Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривож­лантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 15-банди олинган, яъни Давлат дастурининг бу банди “Халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятини кучайтириш ва назорат соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш”, деб номланиб, уни бажариш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қабул қилиш белгиланган эди. Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида Кенгашлар фаолия­тини кучайтириш ва назорат соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш бўйича 7 та йўналиш белгилаб берилган. Шулардан бири – муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси бўйича киритилаётган ўзгариш, яъни “маҳаллий Кенгашларнинг доимий асосда ишлайдиган котибиятларини ташкил этиш” ҳисобланади.

Шу ўринда саволлар туғилади: қонун лойиҳасига асос қилиб келтирилаётган Давлат дастурининг 15-бандида Кенгашлар фаолиятини кучайтириш ва назорат соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш бўйича кўрсатилган яна 6 та йўналиш нега қонун лойиҳасида ўз аксини топмаяпти? Яъни “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига ўзгартишлар киритил­япти, аммо мазкур қонуннинг 24-моддаси – “Халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари”га ва 251-моддаси – “Ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш”га оид ўзгартиш ва қўшимчалар нима учун киритилмаяпти? Бу билан Давлат дастурининг 15-банди ижроси чала бажарилмайдими?

Айтмоқчиманки, Давлат дас­турининг 15-бандида белгиланган вазифаларнинг 6 таси ҳам шу моддаларда ўзгартиш ва қўшимча сифатида ўз аксини топиши мумкин эди-ку!

Қизиқ жиҳати: қонун ло­йиҳасининг тушунтириш хатида “Қонунни қабул қилиш зарурати – сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, амалда кутилган натижаларни бермаяпти. Бунга эса халқ депутатлари Кенгашларининг ташкилий фаолиятига кўмаклашувчи бўлинманинг мавжуд эмаслиги, мазкур вазифа гарчи ўзига хос бўлмаса-да, ҳокимликларнинг аппарати (Ташкилий-назорат гуруҳлари) томонидан амалга оширилаётгани сабаб бўлмоқда”, дейилган.

Дейлик, ушбу қонун қабул қилингач, маҳаллий кенгашларда алоҳида котибиятлар тузилади. Лекин бу котибиятларни ҳам кенгаш раиси сифатида яна аввалгидек, ҳокимлар бош­қарадиган бўлса, бу тузилма ўзини амалиётда қай даражада оқлайди? (Гарчи улар юридик шахс мақомига эга бўлсалар ҳам). Бу аҳволда янги тузилган котибият яна ҳокимиятнинг бошқачароқ кўринишдаги котибиятига айланиб қолмасмикан?

Агар ҳокимлар (“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддаси 2-қисми, яъни “Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради” деган нормага асосан) бир вақтда ҳам ижроия ҳокимиятни, ҳам кенгашларни бошқарадиган бўлсалар, у ҳолда таклиф этилаётган янги котибиятни тузмасдан, ўзгартиш киритилаётган қонунларнинг амалдаги моддаларини қолдириб, мавжуд ташкилий бўлим(“орготдел”лар)лар кенгаш иши билан шуғулланишлари учун қўшимча штатлар белгилаш мантиқан тўғри бўлади ва муҳокама этилаётган қонун лойиҳасида кўзда тутилган котибият тузиш масаласини кенгашлар ва ҳокимликлар раҳбарлари алоҳида-алоҳида бўлинганидан сўнг кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди, менинг назаримда.

Яна бир аргумент. Бу масала Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги 5635-сонли фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 28-бандида “Ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш” белгиланиб, бу вазифани амалга ошириш учун чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш ва унда ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан амалдаги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилган эди. Бироқ, бу масала ўтган йилда негадир очиқ қолди ва ҳали ҳамон кун тартибига олиб чиқилмаяпти. Демак, мазкур жумбоқли масала, қачонки, ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақоми бекор қилинганидан кейингина кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайман.

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1098
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Олимжон Эргашев2020-08-20 19:50:30

2019 йилги Давлат дастури 28-бандининг ижроси таъминланмас экан, яъни хокимларнинг махаллий Кенгашлар раиси сифатидаг мақоми бекор қилинмас экан ушбу Қонунни қабул қилиниши ўз самарасини бериши қийин бўлади. Махаллий Кенгашлар Намунавий Регламентига кўра кенгашлар ишини ташкил қилиш ва уларга рахбарлик қилиш хокимлар ваколати бўлиб хисобланишини хисобга олсак бу ўзгартиришлар қай даражада ўз самарасини беради? Қолаверса бугунги кунда худуларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига масъул махаллий кенгашлар, депутатлар олдида хисоб бериши керак бўлган 4 та сектор рахбарининг, ижро органи вакилларининг 1 таси кенгаш раиси бўлиб хисобланади. Депутатимиз фикрларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Олимжон Эргашев.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+