Давлат-хусусий шериклик тамойили тиббиёт соҳасини халққа янада яқин қилади

26.08.2020, 12:30

Давлат-хусусий шериклик тамойили тиббиёт соҳасини халққа янада яқин қилади

Пандемия туфайли малакали ва сифатли тиббий хизматнинг ҳаётимиздаги ўрни нақадар муҳимлиги яққол намоён бўлди, десак хато бўлмайди. Айни оғир жараёнда хусусий тиббиёт муассасаларининг ўрни ва роли қанчалик муҳим эканлиги ҳам кўринди. Тўғри бугун хусусий клиника ҳақида гап кетганда аввало, хаёлимизга тўлов ҳақидаги ўй келади. Шу сабаб уни ривожлантириш борасидаги гапларни айрим юртдошларимиз унчалик хоҳламаслиги мумкин. Лекин хусусий шифохоналарда ҳам ҳудуддаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга тиббий ёрдам бепул кўрсатилиши қонун билан белгилаб қўйилган. Ҳудуднинг ўзида фаолият юритаётган хусусий клиникалар фавқулодда ҳолатларда юртдошларимиз мушкулини осон қилаётгани ҳам бор гап.

Яқин уч йил давомида хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида қилинаётган кўплаб саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирда ушбу клиникаларда тажрибали, малакали тиббиёт мутахассислари энг илғор замонавий тиббиёт технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тиббиётни ривожлантиришда бугун инвестицияларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатимизда ҳам бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида давлат ҳамда хусусий секторларнинг биргаликда ишлаши, инвесторларнинг юртимиз ҳудудида, давлат секторида фаол иш юритиши учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланган.

Хўш амалда инвесторлар ўзларига қулай бўлган муҳитда, ўзлари истаган давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция киритиш имкониятига эга бўляптими? Тўғри қайсидир маънода бу борада иш қилиняпти, хусусий клиникалар кўпайиб бормоқда. Лекин, муаммо муаммолигича қолмоқда яъни юртдошларимиз тиббий хизматнинг янги босқичига чиққанини, хусусий тиббиётнинг афзалликларини бугун тўла ҳис этяпти дея олмаймиз. Соҳада рақобат кучайиб, хусусий клиникаларнинг сони ортаётгани натижасида нафақат сифатли, балки арзон тиббий хизмат ривожланаётганини халқимизга етказа олмаяпмиз.

ЎзЛиДеП сайловолди платформаси билан ҳамоҳанг тарзда ўз сайловолди дастуримда ҳам партия электорати бўлган хусусий тиббиёт вакилларини қўллаб-қувватлаш, қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш борасида қатор аниқ вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, тиббий хизматларни дунёдаги энг илғор талаблар даражасига кўтариш, касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш ва аҳолининг узоқ умр кўришини таъминлашга йўналтирилган «Ақлли тиббиёт» концепциясини кенг жорий этиш, илғор ускуналар билан жиҳозланган, малакали кадрларга эга, юқори технология ва самарали тиббий хизматни шакллантириш, тиббиёт муассасалари илмий, услубий ва таълимга оид салоҳиятини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида инновацион диагностика восита ва усуллари жорий қилинишига кўмаклашиш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини (дастурини) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аҳолини арзон нархдаги сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳам муҳим вазифалар қаторига киради. Ана шу вазифалар якдиллик билан амалга оширилса, тиббиётимиз халққа янада яқин ва қулай хизмат кўрсатади.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    472
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+