Экотуризм – иқтисодий тараққиёт омили

03.09.2020, 17:38

Экотуризм – иқтисодий тараққиёт омили

Бугунги кунда экотуризм бутун дунёда энг сердаромад соҳалардан бирига айланди. Экспертларнинг фикрича, бу тармоқни янада ривожлантириш нафақат ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этиш, балки экологик муаммоларни бартараф қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирда туризм саноатида 210 миллиондан ортиқ ишчи хизмат қилади ва ундан олинадиган даромад йилига 770 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳам бой табиий ресурслар, бетакрор ўсимлик ва ҳайвонот оламига эга. Ушбу салоҳиятни асраш ва кўпайтириш мақсадида кўплаб миллий дастур ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Боиси, мамлакатимизда экотуризмнинг ривожланиши нафақат табиатни муҳофаза қилиш, экотурисларни она табиатимизга жалб этиш, балки иқтисодий шароитни яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Экотуризм ва унинг ривожланиши нафақат ўрганилаётган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий шароитига боғлиқ бўлибгина қолмасдан балки шу ҳудуднинг табиий шароитига, унда экотуристик объектларнинг мавжудлигига ва уларнинг географик ўрнига ҳам боғлиқдир. Чунки табиий шароит хусусиятлари ҳудуднинг экотуристик имкониятларини ва унинг қайси турларини ривожлантириш мумкинлигини аниқлашга имкон беради.

Республикамиз ўзининг туристик ресурслари бўйича Марказий Осиёда олдинги, дунёда ноёб туристик потенциалга эга бўлган 10-15 та давлат орасида жой эгаллайди. Унинг ҳудудида ҳар хил тарихий даврларга мансуб ноёб архитектура, тарихий ва табиат ёдгорликлари мавжуд.

Ўзбекистонга туристларни жалб қилувчи асосий омил бу унинг мафтункор табиатидир, унинг хилма-хиллигидир. Сабаби Ўзбекистон иқлими, об ҳавоси йил давомида дам олиш ва экотуризмни ривожлантириш учун қулайлиги билан ажралиб туради. Жумладан, географик ўрни қулай, табиий шароити ва экотуристик имкониятлари хилма-хил бўлган, саноат ривожланган ва аҳоли зич яшайдиган Тошкент вилоятида экотурларга талаб юқори.

Чунончи, вилоятнинг экотуристик салоҳияти юқори бўлиб, уни жадал суръатлар билан ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Мисол учун, Бўстонлиқ тумани ўзининг экотуристик салоҳияти билан вилоятнинг бошқа туманларидан ажралиб туради. Энг муҳими, ҳудудда туризмнинг айниқса, экотуризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш имконияти мавжуд.

Шу маънода бугун туманда бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектларни сотиш орқали улар негизида туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 80 га яқин давлат объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган. Бу орқали туризм соҳасида давлат иштироки қисқартирилади ва хусусий тадбиркорлик ривожланади. 15 мингтагача янги иш ўрни яратилади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, бугун экологик инқирознинг сайёравий тус олиши инсониятни ташвишга солмоқда. Экологик муаммоларнинг дунё миқёсида ҳаддан ташқари оғирлашиб кетаётгани замирида табиатнинг ўзини-ўзи тиклаш кучи пасаяётгани, унинг ресурслари камайгани, атроф-муҳит ифлосланиб, заҳарланиб бораётгани ётади. Бу борада аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитга оқилона муносабатда бўлиш, табиат неъматларини келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш ўта муҳимдир. Зеро, экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда туристик ресурслардан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизга келувчи сайёҳлар сонининг ортиши, келажакда Ўзбекистонни сайёҳлар кўп келадиган севимли масканга айлантиришга хизмат қилади.

Нодир АБДУВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1112
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Даврон Темиров2020-09-04 11:06:12

Жуда муҳим масалалар кўтарилган.Зеро, экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эгалиги ҳозирги кунда ҳеч кимга сир бўлмай қолди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+