Янги фармон соҳада манфаатлар тўқнашуви юзага келишига барҳам беради

08.09.2020, 12:25

Янги фармон соҳада манфаатлар тўқнашуви юзага келишига барҳам беради

Ер умуммиллий бойлик. Халқнинг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси, озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий мезони шу ердир. Кейинги йилларда шу сабабли, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш юзасидан кенг қамровли ишлар кучайтирилди. Ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш учун муайян чоралар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 сентябрь куни қабул қилинган “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилди.

Мазкур фармон ўзида қандай имкониятларни жо этди? Ушбу меъёрий ҳужжатнинг қабул қилинишини қандай сабаблар тақозо қилди? Биринчидан, ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш вазифалари ягона органда тўпланган эди, ер участкалари, бино ва иншоотларнинг кадастр йиғмажилди рўйхатдан ўтказувчи органнинг ўзи томонидан тайёрланарди. Булар эса  соҳада манфаатлар тўқнашувини юзага келтираётганди.

Эндиликда фармон билан захирада турган ва янги ажратилаётган ер участкаларига кадастр йиғмажилди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда – туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда – туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг мурожаатига мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимлигининг буюртмасига асосан тайёрланиши, ушбу харажатлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида мазкур ер участкасига эга бўлган шахс томонидан қопланиши қатъий белгиланиб қўйилди.

2020 йил 1 декабрга қадар эса барча қишлоқ хўжалиги хариталари онлайн геопорталга киритилади ҳамда у Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинади.

Фармонда яна бир муҳим жиҳат алоҳида таъкидлаб қўйилди. Чунончи, 2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш ва қайта баҳолаш, тупроқ бонитировкаси ва тупроқ хариталарининг корректировкасини ўтказиш, суғориладиган ерларда тупроқ агрокимёвий тадқиқот ишларини бажариш ва агрокимёвий картограммалар тузиш, тупроқ (ер) мониторингини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан назарда тутиладиган маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилади.

Кўринадики, соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш мақсадларини ўзида ифода этган мазкур фармон ижросининг таъминланиши йўналишда юзага клаётган муаммоларга ечим бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси аграр ва сув хўжалиги

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    659
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+