Пешкўлик ишбилармон аёл 500 та иш ўрни яратиш арафасида

05.10.2020, 15:42

Пешкўлик ишбилармон аёл 500 та иш ўрни яратиш арафасида

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ишчи гуруҳи аъзолари “Ишбилармон аёл - 2020” кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичлари ғолибларини аниқламоқда. Шу мақсадда гуруҳ аъзолари Пешкў туманида бўлиб, тадбиркор, фермер, ишбилармон хотин-қизлар билан учрашди. Уларнинг фаолияти, имконияти ва ютуқларини ўрганишди.

Дилафрўз Ҳамдамова матоларга турли хил услубда гуллар ва безаклар беришда моҳир ҳунарманд. У оилавий корхона ва “Нафиса Дилдора Дурдона” фирмаси раҳбари. Айни пайтда 40 нафар ёшларни касаначилик асосида бандлигини таъминлаган. У тайёрлаётган маҳсулотлар валюта ҳисобига чет элдан келтирилаётган импорт ўрнини босмоқда. Тадбиркорнинг қўл меҳнати маҳсулларининг нархи эса четдагидан 2-3 баравар арзон. Қолаверса, ҳунарманднинг айтишича, ички бозорнинг ўзида бу маҳсулотларга талаб ниҳоятда катта. Ҳатто буюртмаларга улгура олишмаяпти. Шу учун у янги лойиҳа устида ишлаяпти. Яқин келажакда 500 та иш ўрни яратилади. “Маҳсулотларимиз экспорти масаласида ҳам муаммо бўлмайди”, — дейди Дилафрўз Ҳамдамова меҳнати эвазига келаётган даромаддан мамнун ҳолатда.

Пешкўлик Зиёда опа Гадоева 1986 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланади. У 300 та асалари оиласини парваришлаяпти. Бунда унга 20 нафар киши кўмаклашмоқда. Шу йилнинг ўзида 15 тонна асал олинди. Бу сифатли маҳсулот Республика бўйлаб тарқатилади.

Зиёда опа Гадоева тинимсиз  меҳнатлари эвазига ўтган йили “Ўзбегим аёли”  миллий мукофоти соҳибаси бўлган.

“Форевр” МЧЖ раҳбари Нигора Эргашева эса 2 та аёллар салонини бошқаради. 4 сотих майдонда иссиқхонаси бор. У ҳозирга қадар 20 нафар шогирд етиштирган. Уларнинг асосий қисми мустақил равишда ўз ишини бошлаган. Айни пайтда эса салонларда 12 нафар қизлар меҳнат қилмоқда. “Тошкент ва Самарқадда малака ошириб қайтдим. Яқинда қандолат цехи ва химчиска фаолиятини ҳам йўлга қўяман. Бундан ташқари, кам таъминланган оила фарзандларига бепул ҳунар ўргатаяпман”, — дейди биз билан суҳбатда  Нигора Эргашева.

Ўрганишлардан сўнг, учинчи ўринга Нигора Эргашева, иккинчи ўринга эса Зиёда опа Гадоева лойиқ деб топилди. Танловнинг туман босқичи ғолиблиги инновацион усулда ишлашни йўлга қўйган Дилафрўз Ҳамдамовага насиб этди.

Обид ҚЎЛДОШОВ,

O'zLiDeP Бухоро

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    720
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+