Андижонда “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми ўтказилди

30.11.2020, 17:53

 Андижонда “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти”  форуми ўтказилди

O`zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси билан Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармасида “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми бўлиб ўтди. Унда O`zLiDeP Сиёсий кенгаш Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим ва депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Акром Алимов, Олий Мажлис Қонунучилик палатаси депутатлари У.Зокирова, О.Отахонова, халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатлари,  вилоятдаги қатор мутасадди ҳокимлик ва ташкилотлар масъуллари, тадбиркорлар, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган хотин-қизлар, ёшлар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова очиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган бир қатор муаммоларни доимий равишда тизимли ўрганиб бориш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан партия вилоят кенгаши ҳамда депутатлар томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида атрофлича тўхталди.

34 ёшли Гули Жўраева Андижон шаҳрида истиқомат қилади. 6 нафар фарзанди бор. Айни вақтда яшаш уйида тикувчилик билан шуғулланиб рўзғор тебратади. Мақсади фаолиятини кенгайтириб ўз тадбиркорлигини бошлаш, бунинг учун хонадонида етарли шароит бор, атрофида шогирдлар ҳамиша ҳамнафас. Аммо тикув машиналари етишмайди.  Имтиёзли кредит олишда кўмак сўраган фуқаронинг мурожаати халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутатлари томонидан назоратга олинди. Худди шундай муаммо билан иштирок этаётган ёш тадбиркорлар Абдуваҳоб Умаров, Ахмадали Қосимов, якка тартибдаги тадбиркор Алимардон Исамиддиновларнинг ҳам кредит масаласидаги муаммолари депутатлар томонидан ижро учун йўналтирилди.

Ғуломжон Машрапов мебель маҳсулотлари тайёрлаш билан шугулланади. Фаолиятини ижара асосидаги бинода олиб боради. Бироқ бир ойда 6 миллион ижара ҳақи тўлаш тадбиркор учун айни кунда бироз оғирлик қилатгани рост. Унга хусусий ер бўлса, ўша жойда бино қуриб, фаолиятини кенгайтирмоқчи. Ёш тадбиркорнинг мурожаати Андижон вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг тадбиркорларни мурожатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири  А. Араббоев томонидан назоратга олиниб, амалий кўмак берилиши таъкидланди.

Гулжаҳон Усмонова Жалақудуқ туманидаги “Гулжахон XXI” фермер хўжалиги раҳбари бўлиш билан бирга 100 иш ўринли трикотаж маҳсулотларини  ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини ҳам йўлга қўйган эди. Аммо пандемия туфайли тадбиркорнинг корхонасида иш унуми пастлаб, бугунга келиб фаолияти тўхтаб қолди. Тадбиркорга буюртма асосида ҳамкорлик қилувчи тадбиркорнинг кўмаги зарур. Мазкур мурожаат Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси мутасаддиси томонидан қаноатлантирилди.

 “Ўзбекойим”  ўқув маркази Булоқбоши туманида жойлашган. Марказ раҳбари Шахнозахон Қаҳҳорованинг айтишича, фаолиятини тўлиқ равишда олиб бориш учун газ ва  электр энергиясидан муаммоси қийнайди. Ушбу масалада тадбиркор бир неча бор тумандаги мутасадди ташкилотга мурожаат қилган, аммо амалий натижа бўлмаган. O’zLiDeP вилоят кенгаши  раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Хуршидахон Халилова томонидан тегишли тартибда туман ва вилоят масъул ташкилотига депутатлик сўрови юборилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Форум давомида халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати, тадбиркор Азизбек Аманов томонидан ёш тадбиркорлар учун мастер-класс машғулоти ташкил қилинди.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    1310
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+