Тадбиркорлик ривожи йўлида муҳим қадам

29.12.2020, 23:49

Тадбиркорлик ривожи йўлида муҳим қадам

Бугун барчамиз мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги том маънода тарихий ва унутилмас воқеага гувоҳ бўлдик. Конституциямизнинг 93-моддаси 7-бандига мувофиқ, Президентимиз мамлакат тарихида тўртинчи маротаба Олий Мажлис палаталарига Мурожаат йўллади.

Ушбу тарихий ҳужжатда жорий йил давомида барча соҳаларда амалга оширилган ишлар, келгуси йилга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Халқимизнинг эҳтиёжлари ва орзу умидлари, амалга оширилаётган ислоҳотлардаги кескин муаммолар ҳамда келгуси йилда уларни ҳал қилишга оид аниқ режалар белгиланди.

2020 йил халқимизнинг қудрати ва салоҳияти, мардлиги ва матонати ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлган йил сифатида тарихда қолади. Жорий йилда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурига мувофиқ, янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Масалан, республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари барпо этилди. Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имконини яратди. Мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда ҳам 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди.

Шунингдек, 91 минг гектар ер майдони қайтадан фойдаланишга киритилиб, 133 минг гектар ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.Тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди. Тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредитлар ажратилди. Умуман олганда, 2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди.

Яна бир муҳим жиҳат, 2020 йилда аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта тан олиб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар бошланди. Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди.

Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди. Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.

Президентимизнинг Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида туну кун тиним билмасдан, бор билим ва тажрибаси, куч ва имкониятини сафарбар этаётгани сабабли Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. “Иқтисодий эркинлик” рейтингида мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани эса Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг бу галги Мурожаатномасида ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар илгари сурилди. Муҳим ва долзарб вазифалар белгилаб берилди. Шу жиҳатдан биз мамлакатимиздаги етакчи сиёсий партия сифатида барча имкониятларимизни Президентимиз томонидан белгилаб берилган мақсадларга эришиш йўлида фаол ва самарали иштирок этиш учун тўла сафарбар этмоғимиз лозим.

Биринчидан, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди ва шу билан ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш зарурлигига алоҳида урғу берилди. Бу борада O‘zLiDeP ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, стартап лойиҳаларини амалга ошириши учун зарур чора-тадбирларни кўради ва ушбу йўналишни тубдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Зеро, баркамол, эркин, кучли ва жасур ёшлар – жамият таянчи, келажагимиз бунёдкоридир.

Иккинчидан, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш бўйича улкан вазифалар маълум қилинди. Бу кўплаб саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни талаб қилади, чунки камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бу борада “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилиши камбағалликни қисқартиришга қаратилган муҳим ташаббусдир.

Учинчидан, айрим жойларда тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари давом этаётгани айтилиб, бу масалада давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддиларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат бериш таклиф этилди. Бу жараёнда O‘zLiDeP ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Мурожаатномадаги вазифалардан келиб чиқиб тадбиркорларга елкадош бўлади, уларни доимо қўллаб-қувватлайди. Ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган қатор қонунларни яратиш каби қонун ижодкорлиги фаолиятига дарҳол киришади.

Тўртинчидан, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасига оид бўлган 14 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжуд. Бу эса тадбиркорлар учун қийинчилик туғдираётган эди. Шу жиҳатдан партиямиз сайловолди дастурида бизнес юритишнинг олис истиқболга мўлжалланган имкониятини таъминлаш, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари мавжудлигини инобатга олиб ҳамда давр талабларидан келиб чиқиб тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида ягона Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ушбу тарихий мурожаатномада тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартириш ҳамда Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш илгари сурилгани, том маънода тарихий воқеа бўлди. Ушбу ташаббусни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам қилиб тайёрлаш, зарур таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш зиммамизга катта масъулият юклайди. Эндиликда юртимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, ишбилармонлик ҳараатига кенг йўл очиш, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича барча чораларни кўрамиз. Янги кодексни қабул қилиниши эса тадбиркорлар, хусусий секторда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиради, тадбиркорликнинг жадал ривожи учун мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасидаги барча фикрлар ва ташаббуслар ягона эзгу мақсад – халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги, эркин, обод ва фаровон Ўзбекистонни қуришга хизмат қилади. Бу жараёнда O'zLiDeP фракцияси аъзолари Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни ҳаётга изчил татбиқ этишга тайёр. Бу жараёнда маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда улуғвор вазифалар, йўналишлар ҳамда топшириқларни амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    555
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Женибек Ерназаров2020-12-30 09:56:24

мен тола кошиламан мен хам бу партияни озаси болишни хоклайман


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+