Ёшлар билан бугун ишлашимиз керак, эртага кеч бўлади

11.02.2021, 18:20

Ёшлар билан бугун ишлашимиз керак, эртага кеч бўлади

Президентимиз шу йил 2 февраль куни мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашди. Мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари, жумладан, ёшлар билан иш олиб бориш йўналишига доир фикр-мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтди. Партиялар навқирон авлоднинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши зарурлигини таъкидлади. Шу хусусда сўз юритиш асносида эндиликда партиялар ўз фаолиятини янада тизимлироқ, самаралироқ тарзда йўлга қўйиши лозимлиги, муҳим масалалар борасида аниқ натижалар кўрсатиши кераклигини ҳаётнинг ўзи талаб қилаётганини алоҳида қайд этди.

Юртбошимиз фикрларини дастуриламал сифатида қабул қилдик. Фаолиятимизни янада жонлантириш, мукаммаллаштириш зарурлигини англадик. Айрим иш услубларимиз, ёндашувларимизга ўзгартиришлар киритдик, режалар, дастурларимизни қайта кўриб чиқиб,  такомиллаштирдик.

Қуйида уларнинг айримлари ҳақида батафсилроқ тўхталаман.

 Маълумки, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлиги томонидан “Ёшлар дастури” тасдиқланмоқда. Мазкур ҳужжатларда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда замонавий касбларни ўргатиш сингари талай вазифалар белгиланяпти. Уларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида партиямиз ҳудудий ташкилотлари қошида шу ойдан эътиборан махсус штаблар фаолиятини йўлга қўямиз. Штаблар томонидан чиқарилган хулосалар, таҳлиллар халқ депутатлари сессияларида муҳокама қилиниши кўзда тутилаяптти.

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда кейинги ойдан янгиликлар яратишга иштиёқманд, инновацион  лойиҳалар ишлаб чиқаётган, замонавий билимларни эгаллаган  ёшлар қўллаб-қувватланишига қаратилган “Ёш инноваторлар ва технологлар” танловини ўтказишни бошлаймиз.   

 Шунингдек, ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш, улар ўртасида партиянинг ғоя ва мақсадлари, лойиҳалари тарғиботини янада кучайтириш мақсадида ҳудудий “Ёшлар қаноти” жамоатчилик кенгашларининг тарғибот гуруҳларини ташкил қилишга киришдик. Икки-уч ҳафта ичида улар зиммаларига юкланган ишларни бажара бошлайди.

Президентимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб, 7 та банддан иборат йўл харитасини ҳам тайёрладик. Яқин кунларда, масалан, ушбу вазифалар амалга оширилади: ҳудудий партия ташкилотлари “Ёшлар қаноти” жамоатчилик кенгаши тизимида ижтимоий тармоқлар ва фуқаролар фикрлари билан ишлаш гуруҳи шакллантирилади. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада маълум касб ёки ҳунарга эга бўлган ёшлар учун “Замонавий касблар” онлайн маҳорат дарслари ўтилади. Бундан ташқари, сафдошларимиз орасидаги энг фаол, интилувчан ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси курсларида ўқитиш тизимини барпо этамиз. Ёшлар ўртасида қизғин муҳокама қилинаётган масалаларга бағишланган “Ёшлар минбари” ижтимоий-сиёсий мулоқот форуми лойиҳасини амалга татбиқ қилиш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб боряпмиз. Эътиборлиси, мазкур вазифаларни бажариш механизмини ҳам аниқ ва пухта йўсинда ишлаб чиқдик.

Пировардида шуни айтишни истардимки, ёшлар масаласида эътиборсизлик, сусткашлик қилишга ҳаққимиз йўқ. Ватанимиз тақдири, эртанги кунимиз қандай бўлиши бу борадаги бугунги саъй-ҳаракатларимиз билан чамбарчас боғлиқ. Ёшлар билан ҳозир, айни кунларда шуғулланишимиз, улар дуч келаётган қийинчиликларни имкон қадар тезроқ бартараф қилишимиз керак, чунки эртага кеч бўлади.    

Абдулло АСЛОНОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раисининг

 ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари

  • Кўрилди
    878
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+