Ёшларга кўплаб имконият ва қулайликлар берилди

15.04.2021, 11:02

Ёшларга кўплаб имконият ва қулайликлар берилди

Янги Ўзбекистон ёшлари — мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этишлари учун замон талабларидан келиб чиқиб, янги-янги ташаббуслар, изчил чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 13 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Замонга муносиб бўлиб ишлаш керак – давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ёшлар масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишини ушбу сўзлар билан бошлади.

Йиғилишда давлат раҳбари кўпчилик қуйи бўғиндаги раҳбарлар масала моҳиятини тушунмаётгани, ёшлар билан ишлаш бўйича натижалардан мутлақо норози эканини қайд этиб ўтди. Белгиланган вазифалар ижроси, вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ёшларга оид ишларни қандай ташкил этгани кўриб чиқилди.

Видеоселекторда ёшларимизга яна кўплаб имконият ва қулайликлар яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Республика бўйича 120 та IT-марказини 4 мингга яқин “Ёшлар дафтари”га кирганлар тамомлаган. Бундай ёшларни келгусида бизнес бошлаши учун компьютерлар билан таъминлаш мақсадида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар хариди учун Микрокредитбанк, Алоқабанк ва Халқ банки кредитлар ажратади, уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Яъни, кредит фоизсиз берилади.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади. “Ёшлар дафтари”га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланади.

Ёшларга берилаётган бу каби имкониятлар уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим омил бўлади.

Йиғилишда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу тизимда халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзлар белгиланди.

Яъни, жорий йилнинг 1 июндан бошлаб, “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Шунингдек, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади. Ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади, ходимлари сонининг камида 70 фоизи “ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди.

Видеоселекторда шунингдек, ҳар бир маҳалла ва хонадонни сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш учун малакали ўрта бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бунинг учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штатини ташкил этиш ҳисобига минглаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратиши белгиланди.

Шунингдек, йиғилишда олий таълим муассасаларида таълим сифатини яхшилаш ва ректорларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш борасида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилди. Маҳаллабай, хонадонбай ишлаш лозимлиги, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида, ёшлар жиноятчилигини жиловлаш борасида аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Юқорида белгилаб берилган ташаббусларни жойларда, энг чекка ҳудудларда ҳам тўлақонли ижро этилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаол иштирок этиб, парламент ва депутатлик назоратини ўрнатамиз.

Абдулла АСЛОНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси ўринбосари,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    609
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Kamoliddin2022-05-31 12:54:36

imtiyozli kreditlarni qayerdan olsa boladi


Ismanjonov Donyorbek2021-06-16 01:36:41

Assalamu alaykum Men tumanimzdagi Xalq banki filyaliga Yangi kompyuter uchun Kredit olish uchun bordim . Bir million dasturchi loyihasi bitiruvchilarga kompyuterlar xaridi uchun foizsiz kreditlar beriladi foizsizni davlat bujetdan to'laydi Degan qarorni aytsam ular bunday qarorni bilmasligini buning urniga faqatgina 14% imtiyozli Kredit bera olishlarini aytishdi. Qancha tushuntrmay tushunishmadi umman olganda xech qayerda bubturdagi Kreditni to'g'ri olish tõgrisida ma'lumot topa olmadim . Mumkun bo'lsa shu to'g'risida menga tushuncha va qanday qilib to'g'ri olish tushuntarsangizlar


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+