Мақсад: аҳоли даромадларини ошириш

22.04.2021, 10:11

Мақсад: аҳоли даромадларини ошириш

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда O`zLiDeP Тойлоқ туман Кенгаши жойларда хонадонма-хонадон юриб, томорқа ер эгаларига ердан мақсадли ва самарали фойдаланиш, уруғ, кўчат экиш, иссиқхона қуриш бўйича тегишли маслаҳатлар бермоқда.

Шундай тадбирлардан бири Тойлоқ туманининг 3-сектор ҳудудида бўлиб ўтди. Учрашувда Республика ишчи гуруҳи аъзолари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Қува туман Кенгаши бўлим бошлиғи М.Ўринбоев, Илмий марказ ходими Д.Джўраев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Тойлоқ туман Кенгаши раиси Ғ.Қулиев ҳамда O`zLiDeP Тойлоқ туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари А.Мирзоевлар иштирок этди.

Семинар Таллиота маҳалласида яшовчи омилкор деҳқон Комил Бердимуродов хонадонида ўтказилди. Хонадон соҳиби Комил аканинг касби ҳайдовчи, турмуш ўртоғи эса ўқитувчи. Шундай бўлишига қарамай улар оила иқтисодини ошириш мақсадида 6 сотихлик иссиқхона қуриб, даромад олишмоқда.

- Ота-боболаримиз деҳқончилик орқасидан рўзғор тебратишган. Биз ҳам ота касбимизни унутганимиз йўқ. Ўтган йилнинг куз ойларида ўз маблағимиз ҳисобидан иссиқхона қуриб, сабзи уруғини қадаган эдик. Айни дамда ҳосилимиз етилиб, бозорга чиқаришга тайёр бўлиб қолди, - дейди Комил Бердимуродов.

Семинарда иштирок этган томорқачилик ва иссиқхона қуришга қизиқиши бор ёшлар ва хотин-қизлар ердан мақсадли фойдаланиш, кўчат ва уруғ танлаш, ердан мўл ва сифатли ҳосил олиш сирларини ўрганишди. Қолаверса, тадбир давомида маҳаллабай ишлаш тизими асосида маҳаллага бириктирилган банкларнинг доимий вакиллари ҳам кредит олиш истагини билдирган оилалар билан ҳужжатларни расмийлаштириш ва кредит олиш тартиб-қоидалари ҳақида суҳбатлашишди.

Тадбир доирасида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хонадонларга партия томонидан сабзавот кўчатлари тарқатилди.

Ҳамкорликда амалга оширилаётган бу хайрли тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

O`zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    438
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+