Ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари қўллаб-қувватланади

24.04.2021, 20:09

Ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари  қўллаб-қувватланади

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади. Айниқса, уларни эзгу ғоя ва лойиҳалар атрофида бирлаштириш, бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун зарур шароитлар яратиш долзарб вазифадир.

Бинобарин, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, банд бўлмаган, жумладан, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни иш билан таъминлаш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ниҳоятда муҳим саналади.

 Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларни бизнесга фаол жалб қилишга қаратилган десак, муболаға бўлмайди.

Қарорда ёшларга уларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалари, ташаббуслари, ғоялари амалга оширилишида кўмаклашиш ва қулай шарт-шароитлар яратиш, “стартаплар” ташкил этиш мақсадида бизнес-инкубатор вазифаларини амалга оширишдек муҳим ишларга ҳудудларда ташкил этилган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари масъул этиб белгиланди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатга асосан ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлашнинг манзилли дастури ҳам тасдиқланиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган  Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллари, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари, Жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади.

Жамғарма маблағлари ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни, мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик, замонавий қурилиш материаллари соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

 Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун бинолар қуриш мақсадларига молиявий ресурслар эса Жамғарманинг молиявий кўрсаткичлари ва унинг ресурс базасидан келиб чиққан ҳолда берилади. Жумладан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига ёш тадбиркорлик субъектлари учун бино қуришга бериладиган молиявий ресурслар миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкаси миқдорида белгиланган ҳолда тақдим қилинади.

Қарорда ўз ифодасини топган яна бир муҳим янгилик – тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига биноларни лизинг асосида бериш миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкасини қўллаган ҳолда амалга оширилишидир. Бунда ёш тадбиркорлик субъекти бошланғич тўлов сифатида лизингга бериладиган бино қийматининг 10 фоизини ташкил қилувчи қисмини тўлайди, холос.

Жорий йилда ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, улар муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича жуда катта марра ва муҳим вазифалар белгилаб олинган бўлиб, бу борада O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси Президентимиз томонидан белгилаб берилган аниқ вазифалар ижросини таъминлашга қатъий бел боғлаган. 

Биз учун, айниқса, ёшлар ўртасида ишсизликка йўл қўйиб бўлмайди. Бунда биз – ишга жойлашиш имкониятларини яратувчи, бу соҳада давлат органлари билан бир қаторда фуқароларнинг маъсулиятини оширувчи, ҳар бир инсоннинг шахсий шароитларини ҳисобга олувчи, ўзига мустақил ёрдам бера олмайдиганларни қўллаб-қувватловчи фаол ва таъсирчан сиёсат юритилиши ва ушбу мақсадларга жамият ва хусусий сектор ресурслари жалб қилиниши тарафдоримиз.

Хулоса ўрнида айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳаларини рўёбга чиқаришга доир муҳим вазифалар белгиланган. Демак, ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда барча даражадаги раҳбарлар қатори биз депутатлар ҳам фаол ва ташаббускор бўлишимиз керак. Агар бу соҳада аниқ тизим асосида иш олиб борилмас экан, жамиятда, ёшлар ҳаётида ўзгариш бўлмайди. 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари        

 

  • Кўрилди
    809
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+