Техник жиҳатдан тартибга солиш тизимида катта ижобий ўзгаришлар юз беради

03.06.2021, 18:50

Техник жиҳатдан тартибга солиш тизимида катта ижобий ўзгаришлар юз беради

Мамлакатимизда халқимиз манфаати, талаб-эҳтиёжидан келиб чиқилган ҳолда барча соҳалар, тармоқлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ислоҳ қилиш жараёни жадал давом этмоқда. Жумладан, товарлар, маҳсулотлар ўлчами, сифати ва бошқа хусусиятларини  назорат қилиш, уларнинг белгиланган талабларга мослигини текшириш билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти ҳам изчил равишда такомиллаштирилмоқда.  

Кеча Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Мазкур ҳужжатда тизимни янада ривожлантириш, замонавийлаштириш кўзда тутилмоқда.    

Хусусан, қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига бир қанча қўшимча ваколатлар бериляпти. Эндиликда мазкур ташкилот маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларни бузганликда айбдор бўлган ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, корхоналарда техник регламент ва стандартлар талабларига риоя этмаганлик учун корхона ва тармоқ раҳбарларига  тақдимномалар киритади. Бундан ташқари, техник регламентлар, стандартлар ва қонунчиликда белгиланган мажбурий  талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар  тўғрисидаги  маълумотларни  умумлаштиради ва реестрини юритади. Шу билан бирга  мутасадди идоралар томонидан халқаро стандартлар ва техник регламентларнинг жадал жорий этилишини мувофиқлаштириб боради.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги “Ўзстандарт” агентлигининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро  шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгилаб қўйилганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.  

Қарорга биноан, шунингдек,  техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитларига кўра Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади. Яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги учун молиявий ва маъмурий жарималар Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг махсус жамғармасига тўлиқ ўтказилади ва ушбу маблағларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми маҳаллий корхоналар томонидан халқаро стандартларни харид қилиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.

Ҳужжатга асосан мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш фаолиятига халқаро тажрибага асосланган ҳолда ихтиёрий тус бериш ва тартиботини соддалаштиришга хизмат қилувчи чора-тадбирлар ҳам баён қилинган.Масалан, бундан буён  Стандартлар институти ва Миллий метрология институтига илмий-техник лойиҳалар раҳбарлигига илмий даражага эга ходимларни, фан докторларини фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этишга ҳам рухсат берилди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, тилга олинган қарор мамлакатимизда маҳсулотлар сифати яхшиланиши, товарларимиз рақобатдошлигининг ошиши, экспорт салоҳиятимизнинг ошишига хизмат қилади. Бу ижобий ўзгаришлар эса, ўз навбатида, эл-юртимиз маъмурчилиги, халқимиз фаровонлиги даражасини янада юксалтиради.

    Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    400
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-06-04 16:12:37

Хакикатдан хам хар бир кабул килинаетган қарорлар мамлакатимизнинг янада гуллаб ривожланишини таъминлашдаги урни катта ахамиятга эга, айникса, тадбиркорлик сохасини кенг ривожлантиришда хар кандай тусикларни олдини олишдаги ишлар самарали булиб, ахолининг давлатимизга, келажагимизга деган ишончи ошиб бормокда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+