“Намуна” маҳалласи сайловчилари депутат фаолиятидан мамнун

15.07.2021, 15:57

“Намуна” маҳалласи сайловчилари депутат  фаолиятидан мамнун

З. Каримова Андижон шаҳридаги “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Бир неча йилдан буён буйрак хасталигидан азият чекади. Даромади оила, фарзандлар, рўзғор камларидан ортмагани боис вақтида даволанишга имкон тополмайди. Кун ўтгани сари касаллик ўз кучини кўрсатиб, саломатлиги ёмонлашяпти.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутатлигига мазкур ҳудуддан сайланган Диёрбек Абдусаматовнинг сайловчилари билан навбатдаги учрашувида фуқаронинг муаммосига ечим топилди. Халқ ноиби кўмаги билан аёлнинг бепул даволаниши учун вилоят шифохонасига йўлланма олинди.

Депутат хонадонларда аҳолининг яшаш шароитлари, уларни қийнаётган муаммоларни ҳар гал ўрганар экан, айтилган барча масалани ўз вақтида ҳал қилишга одатланган. Виждонан ишлайдиган депутат аслида мана шундай бўлади-да!

С.Ҳакимовнинг суюлтирилган газ баллони бўйича қилган мурожаати ҳам шу куннинг ўзида бартараф этилди.

Н.Саттаровага мутахассислиги бўйича иш керак. Халқ ноиби ҳамкор ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари орқали масалага ечим топишга ваъда берди.

Н.Бакирова рўзғори келишмай, тўққиз йил деганда ота уйига қайтиб келди. Турмуш ўртоғи билан расман ажрашгач, ишга жойлашди. Эндиликда алоҳида хонадонга муҳтожлик сезяпти. “Чиққан қиз чиғириқдан ташқари” деб бекорга айтишмаган. Ота уйда энди келинлар бор... Депутат аёлнинг дардини тингларкан, кўмак беришини таъкидлаб овутди. Субсидия асосида кўп қаватли уйларнинг хонадонларидан бирини олиш учун зарурий ҳужжатлар тайёрлашини тайинлади...

Дарҳақиқат, чинакам фидойи депутат ҳеч бир сайловчиси муаммосини очиқ қолдирмайди. Виждон ва масъулият билан фаолият олиб боради. Диёрбек Абдусаматовнинг ана шу фазилатлари фаолиятига ёрқин чизгилар бераётир...

Зилола РАҲМОНОВА.

  • Кўрилди
    797
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+