Тиббиётда янги марралар мақсад қилинди

18.08.2021, 15:29

Тиббиётда янги марралар мақсад қилинди

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррирининг саволларига берган жавобларини ўқиб, барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам янги ва ижобий ўзгаришлар, туб ислоҳотлар изчил давом эттирилишини, бу соҳа яқин йилларда ҳар жиҳатдан юксалишини англадим.

Саломатлик бўлмаса, одамга ҳеч нарса татимайди. На моддий, на маънавий неъматлар уни қувонтира олади. Бинобарин, кейинги йилларда давлатимиз тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратаётгани эътиборга лойиқ. Айниқса, пандемия шароитида бу ғамхўрлик, инсон саломатлиги, ҳаётининг ҳар нарсадан устун қўйилиши яққол намоён бўлди.

Давлатимиз раҳбари интервьюда қайд этганидек, 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағ ҳисобидан тиббиёт соҳасида кўпгина чора-тадбирлар, жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Муҳими, Президентимиз соҳадаги камчиликлар, муаммолар ҳақида ҳам очиқ-ойдин сўз юритган. “Бизни энг қийнайдиган масалалардан бири – соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатларидир. Ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди ва айбдорлар қонуний жазога тортилди.

Шунинг учун бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилмоқда”, дея қайд этган Юртбошимиз. Малакали кадрлар етишмаслиги, ихтисослаштирилган шифохоналар эҳтиёжга нисбатан камлиги ва бошқа масалалар ҳам тилга олиниб, эндиликда ана шу муаммолар ҳал этилиши таъкидланган.    

Давлатимиз раҳбарининг журналист билан суҳбати кенг қамровли ва келажакда мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишда дастуриламал ҳужжат экани билан аҳамиятлидир. Эътиборлиси, партиямиз дастурида тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасида талай вазифалар белгиланган.

O'zLiDeP бу борада давлат сиёсатига уйғун тарзда фаолият олиб бормоқда. Зеро, эл саломатлиги катта бойлик. Бу борадаги эзгу ишларни изчил давом эттириш эса, истиқболда тиббиётдаги хизмат сифатини яна яхшилаш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ижобий натижа беради.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    732
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+