O'zLiDeP Бухоро вилоят ташкилотининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди (+видео)

26.08.2021, 15:48

O'zLiDeP Бухоро вилоят ташкилотининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди (+видео)

Конституциямизга биноан Президент сайловининг асосий субъекти сиёсий партиялардир. Демак, мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрни ва мавқеига эга, етакчи партиялардан бири бўлган O’zLiDeP сайловда ўз нуфузига муносиб тарзда иштирок этиши лозим. Масъулиятли сиёсий имтиҳондан ёруғ юз билан ўтиш учун партия барча имкониятларини сафарбар этиши шарт. Салоҳиятни тўла ишга солишгина кутилган натижани беради.

Шу муносабат билан бугун айнан мана шу муҳим сиёсий жараёнга пухта тайёргарлик кўриш, бажарилиши лозим бўлган ишларни муҳокама қилиш, янгича ишлаш тизими борасида янги ғоя ва таклифларни тинглаш мақсадида Бухоро давлат университети йиғилишлар залида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бухоро вилояти ташкилотининг навбатдаги конференцияси ўтказилди.

Унда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси СТМ раҳбари Насимжон Алимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонова, партиянинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, аппарат раҳбарлари, депутатлар, шаҳар ва туман конференцияларида сайланган делегатлар, фахрийлар, партия фаоллари, ҳамкор ташкилот вакиллари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияни кириш сўзи билан O'zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Фармон Аминов делегатлар розилиги билан бошлаб берди. У ўз сўзида партиянинг асосий мақсад ва вазифаларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Cўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар олиб борилаётганлигини, айниқса сўнгги беш йилда барча соҳадаги ислоҳотларнинг янада жонланганлигини барчамиз кўриб билиб турибмиз. Шунингдек, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида улуғ аждодларимизнинг орзу-интилишлари, армонлари ҳам мужассам эканини алоҳида таъкидлаш ўринли. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган муҳим тамойил ҳам ҳаётимизнинг мазмун-моҳиятига айланиб бормоқда. Сўнгги беш йилда халқ билан мулоқот тизими юртимизда жуда кўплаб муаммоларнинг ҳал этилиши, одамларнинг давлат идораларига бўлган ишончининг ошиши, энг муҳими халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланишига замин яратгани алоҳида эътироф этиш лозим. Тан олиш керак, ўтган вақт мобайнида халқимизнинг турмуш шароити, дунёқараши ўзгарди. Ошкоралик муҳити жамиятимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Энг асосийси, халқимиз, одамларимиз мамлакатда рўй бераётган истиқболли ислоҳотлардан розилик ҳиссини туймоқда ва ўзлари ҳам бу жараёнларда фаол иштирок этмоқда.

O'zLiDeP вилоят ташкилоти раиси сўзидан сўнг Бухоро вилоят Кенгаши депутати Санам Жумаева сўзга чиқиб юқорида таъкидланган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган бўлса, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Дилбар Аҳмедова ўз сўзида партиянинг ҳақиқий тадбиркорлар фаолияти эканлиги, Юртбошимиз эса унинг чинакам йўлбошчиси эканлигини алоҳида таъкидлаб, тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар сабаб бугун кўпгина оилаларнинг яшаш шароити яхшиланганлиги, бунинг ортидан эса халқимиз турмуш фаровонлиги тобора ортаётганига тўхталиб ўтди.

Конференция давомида O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов  ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда партиянинг аъзолари сони 1 миллион нафарга етганини мамнуният билан айтиб ўтди. Шунингдек, ўтган даврда партия аъзолари сонининг асосий қисмини фақатгина тадбиркорлар ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда улар сафига турли касб эгаларининг ҳам борлиги партиянинг халқ орасига чуқур кириб бораётганлигининг белгиси эканлигини таъкидлади.

Фикрлар, таклифлар ва  муҳокама якунига етгач, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, O'zLiDePнинг навбатдаги Съездига делегатлар сайланди. Шу билан бир қаторда,  O'zLiDeP вилоят Кенгашининг янги таркиби ҳам сайланди.

Зарнигор Нафиддинова,

 O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    509
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+