Sog‘liqni saqlash sohasida ustuvor vazifalar belgilandi

06.02.2024, 15:36

Sog‘liqni saqlash sohasida ustuvor vazifalar belgilandi

Президентимиз раислигида 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Аҳоли ҳаётида катта ўрин тутадиган соҳалардан бири бу соғлиқни сақлаш. Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бирламчи тиббиёт тизимида сифат ва мутахассислар етишмаслиги қайд этилар экан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига соҳадаги барча вакансияларни онлайн платформага жойлаштириб, кадрларни ишга олиш бўйича шаффоф тизим яратиш топширилди.

Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, аввало, қишлоқлар аҳолисига хизмат қилиши кераклиги таъкидланди. Уларни бирламчи бўғин билан боғлаш, иш тизимини рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Касалликларни эрта аниқлаш мақсадида эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак қон-томир, онкология ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилади. Бунинг учун республика кардиология, эндокринология, онкология марказлари масъул бўлади.

Шунингдек, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади. Бу тажриба 1 майдан Қашқадарёда бошланади ва келгуси йилдан бошқа ҳудудларда йўлга қўйилади.

Хорижий экспертларни жалб қилиниб, эскирган клиник протокол ва стандартлар халқаро мезонларга мослаштирилади. Касаллиги енгил беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволаш кенгайтирилади.

Тиббиёт соҳасидаги 23 та марказ, 12 та олийгоҳ, 2 та малака ошириш марказига замонавий менежерларни ишга олиниб, халқаро аккредитациядан ўтказилади. Бунинг натижасида шифокор ва ҳамширалар янгича ўқитилади, даволаш сифати ошади, дори ёзиш камаяди, энг муҳими – ривожланган клиникалар муҳити кириб келади.

Сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилди. Бунинг натижасида аҳолига кўплаб қулайликлар яратилди. Энди “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимлари ишга туширилади. Кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида бериш йўлга қўйилади. Вилоят шифохоналари ҳам электрон йўлланма тизимига уланади.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир она ва бола ўлимига “фавқулодда ҳолат”, деб қараш кераклигини айтди. Туғруқхоналарни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, ҳомиладор ва туғруқ ёшидаги аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, доя ва ҳамшираларни қўшимча ўқитиш бўйича топшириқлар берилди.

Умуман олганда тиббиётдаги ушбу ислоҳотлардан кўзланган мақсад инсон қадрини улуғлаш, халқимизни тиббиётдан рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратишдир.

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Teglar
Munosabat
  • Ko'rildi
    31
  • Chop etish
  • Do'stlar bilan ulashish
← Orqaga qaytish

Fikringizni qoldiring

+