Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги – коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омили (+ ВИДЕО, ФОТО)

01.02.2018, 18:40

Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги – коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омили  (+ ВИДЕО, ФОТО)

Очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) муҳим роль ўйнайди. Айни вақтда мамлакатимизда 9 мингдан зиёд ННТлар, 29 халқаро ва хорижий нодавлат ташкилотлар филиаллари ва ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, ҳали ҳамон жамоат ташкилотларининг аҳоли муаммоларини тизимли равишда ўрганиш, уларни ҳал этиш, айниқса ёшлар ва аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишдаги иштироки талаб даражасида эмас.

Коррупция каби салбий ҳолатга қарши курашни такомиллаштириш масалалари алоҳида эътиборни талаб этмоқда. 2017 йил декабрида мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши таъсирчан механизмларни жорий этиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Таъкидлаш жоизки, O‘zLiDePнинг дастурий ҳужжатларида, шу жумладан, Сайловолди платформасида коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида аҳамият бериш ҳамда мансабдор шахслар томонидан иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонунда кўзда тутилган ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонунийликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги бевосита қайд этилган, бу эса уларнинг фаолиятида коррупция, бюрократизм ва расмиятчилик ҳолатларига қарши курашишнинг таъсирчан воситаси бўлиб хизмат қилади.

Ушбу масалалар ва O‘zLiDePнинг сайловолди ваъдаларини ҳаётга тадбиқ этиш йўллари ҳақида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳарақати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Республика коррупцияга қарши курашиш идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш” мавзусидаги давра суҳбатида сўз юритилди.

Мазкур тадбирда ташкилотчилар билан бир қаторда турли вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, ЎзРННТМА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, ФЖШМҚМИ, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, Савдо-саноат палатаси, Банклар ассоциацияси, Адвокатлар палатаси, «Ижтимоий фикр» ИФЎМ, ЭОАВМА, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва АА қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳали ҳам давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизми яратилмаган, бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг уларга юклатилган вазифаларни ижро этишларини объектив баҳолашга тўсиқ бўлмоқда. Бунда 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида давлат органлари фаолияти устидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Қайд этилишича, O‘zLiDeP депутатлик корпуси мазкур омилни ушбу йўналишдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш доирасида ҳисобга олиши лозим.

Шунингдек, мажлис иштирокчилари таъкидлаганидек, давлат ва жамоат бошқарувида жамоат назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш учун ташкил этилиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгашининг самарали фаолияти зарур.

Давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан коррупцияга қарши курашиш ва унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш соҳасида ижтимоий шерикликни фаоллаштириш масалаларини ҳал этиш ҳам зарур. Хусусан, давра суҳбати доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш, мазкур соҳада ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш соҳасида ижтимоий шерикликнинг мазмун-моҳияти ва ўзига хос жиҳатлари очиб берилди.

Давра суҳбатининг иккинчи қисмида кичик гуруҳлардаги шўъба муҳокамаларида коррупцияни, давлат органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича қўшма режаларини амалга оширишга ҳалақит қилаётган омилларни олдини олиш ва уни бартараф этиш соҳасида ижтимоий шериклик самарадорлигини оширишда тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар ҳар томонлама кўриб чиқилди. Баҳс-мунозаралар давомида давлат органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида битимлар ва шартномалар тузиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари ҳамда давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича жамоат кенгашларини уларнинг таркибига жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакилларини киритган ҳолда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Умуман олганда, давра суҳбати коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида фикр алмашиш учун навбатдаги мунозара майдончасига айланди. Тадбир якунлари бўйича O‘zLiDeP ва Республика коррупцияга қарши курашиш идоралараро комиссиясининг ижтимоий шериклик доирасида “Йўл харитаси” лойиҳаси тайёрланди, уларни “Жамоатчилик назорати тўғрисида” қонун лойиҳаси устида иш олиб бориш ва давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича жамоат кенгашларини тузиш жараёнида эътиборга олиш учун таклифлар ишлаб чиқилди. Бу каби амалий ишлар O‘zLiDePнинг давлат тузилмалари билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш каби стратегик муҳим вазифани ҳал этишга салмоқли ҳисса бўлади.                                                                    

O‘zLiDeP матбуот хизмати

ФОТОЛАВҲАЛАР

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2878
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+