Сайловчилар ва халқимиз учун маъқул таклиф ва ташаббуслар

11.09.2021, 16:04

Сайловчилар ва халқимиз учун маъқул таклиф ва ташаббуслар

O’zLiDePнинг Х Съездида партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди қўллаб-қувватланган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг маърузасини тўлқинланиб тингларканман, таҳлилларнинг нечоғли ҳақиқатлиги, олдига қўйган устувор вазифаларнинг мамлакат тараққиёти ва халқ манфаатлари ҳимоясига қаратилганлигини чуқур ҳис қилдим.

Айниқса, номзоднинг “Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур”, деган фикри негизидаги халққа ёндошлик, инсон тамойилини биринчи ўринга чиқиши, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, муаммолари ечимига камарбаста бўлиш каби эзгу мақсадлар яққол намоён бўлди.

Номзод ўз маърузасида ҳар бир соҳа ривожи учун келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотларга тўхталар экан, ҳудудларда бўладиган учрашувларида ҳар бир масалани аҳоли билан биргаликда муҳокама қилиб, сайловчилар ва халқимиз учун маъқул таклифлар, ташаббус ва лойиҳаларни илгари суришини алоҳида қайд этди. “... бугун ўз олдимизга қўяётган улкан мақсад ва вазифаларни амалга оширишда Сизларга, бутун халқимизга таянаман”, деганларининг ўзиёқ бизни уларга елкадошликка ундади, бизда ҳам улкан ва жиддий масъулият, янада шижоат билан ишлашга иштиёқ туғдирди.

Барчамизга яхши маълум, Ҳаракатлар стратегияси иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида бозор механизмларини амалда жорий этиш ҳисобидан барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратди. Келгуси беш йилда эса мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш зарурияти бор. Бу борада номзод ўз маърузасида батафсил тўхталиб, 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратилишини қайд этди. Тўғри, бу машаққатли жараён. Бунинг учун  аввало, иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали, меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилиниши таъминланиши айтилди.

Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилиниши тадбиркорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг давомийлигини таъминлайди.

Маърузада қайд этилган тадбиркорлик борасидаги қулайликлар асосий етакчи кучимиз бўлган ишбилармонларнинг юқори натижадор фаолиятларига асос бўлади. Жумладан, келгуси йилдан, асосий воситаларни амортизация қилишга солиқ имтиёзларини кенгайтириш орқали, 130 мингдан зиёд тадбиркорлар ихтиёрида, ҳар йили қарийб 2 триллион сўм маблағ қолдирилади.

Партиямиздан кўрсатилган, қўллаб-қувватланган номзоднинг келгуси беш йиллик учун мўлжалланган аниқ ва мақсадли дастуридаги ҳар бир фикрдан халқпарварлик, ҳақпарварлик, инсонийлик, давлат ва жамият тараққиётига камарбасталик, инсон манфаатлари учун хизмат қилиш масъулияти уфуриб турди.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

  • Кўрилди
    349
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+