Сирдарё вилоятидаги масъул раҳбарлар O’zLiDeP депутатларига ҳисобот берди

26.11.2021, 19:54

Сирдарё вилоятидаги масъул раҳбарлар O’zLiDeP депутатларига ҳисобот берди

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Суюновнинг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилган ва келгусида режалаштирилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.  

Депутатлар маъруза юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Баҳсга сабаб бўладиган масалалар ўртага ташланди. Хусусан, вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарида, ошхоналар, кафеларда овқат тайёрлаш хоналаридаги тозаликка эътибор ҳамма жойда ҳам талаб даражасида эмаслиги таъкидланди. Бу борада туман ва шаҳар депутатлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамроҳлигида  ишлаб чиқариш корхоналари, овқатланиш шаҳобчалари, хусусий боғчаларга қўшма рейдлар ўтказишга келишилди.

Сирдарё вилоятидаги “Гулистон тиббиёт кластери” дастурининг ижроси юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қодир Ҳотамов ахборот берди.

Сирдарё вилояти Республикада тиббиёт кластери тизимига ўтишни бошлаб беради. Албатта, бу бирданига амалга ошириладиган соҳа эмас. Босқичма-босқич амалга ошириладиган жараённинг дастлабки қадамлари қўйилди. Ҳозирда вилоят марказий шифохонасида замонавий тиббиёт даражасидаги хирургия бўлими  биноси қурилаяпти. Тиббиёт кластерининг афзаллиги-бемор ҳар бир ташҳис ва таҳлиллар учун турли шифохоналарга бориб-келиши шарт эмас, уларнинг ҳаммаси бир жойда, бир бинода жойлаштирилади. Гулистон шаҳрида 520 ўринли катта шифохона  қурилиши режалаштирилган.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, бунда жойларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатишда доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида депутатлик гуруҳи томонидан бир қатор қарорлар қабул қилинди.

 O’zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    339
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+