Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш тартиблари соддалашмоқда

14.12.2021, 10:18

Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш тартиблари соддалашмоқда

Маълумки, мамлакатимизда ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, аҳолининг уй-жойга ўсиб бораётган талабини қондириш, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, юртимизда кам таъминланган, ногиронлиги бор ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган  болалар, ночор хотин-қизлар қўллаб қувватланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрда қабул қилинган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони эса бу хайрли ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши табиий. Бинобарин, бу фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб,  унда  2021 йил 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиблари белгилаб берилган.

Хусусан, Қурилиш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2022 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 4 000 та квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва ушбу ишлар бўйича буюртмачи этиб “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖни белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Бундан ташқари фармонда бир ой муддатда Тошкент шаҳрида камида 5 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда камида 2 тадан ипотека хизматларини кўрсатиш марказларини ташкил этиш қайд этилган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланиши белгиланмоқда. Унга кўра субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради. Шу билан бир қаторда сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъий назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади. Шунингдек, фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилиши яна бир катта имкониятдир.

Янгиланаётган, ёшараётган жонажон юртимизда ҳар бир фуқаро бахтли ҳаёт кечиришга, жамиятдан рози бўлиб яшашга ҳақлидир. Модомики шундай экан, Президентимизнинг мазкур фармони уларнинг бу орзу истакларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Зотан, ўз уйи, турар жойи бор киши Ватан туйғусини янада теранроқ ҳис этади.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    398
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+