Тараққиёт стратегияси: саломатлик - бош мақсад

07.01.2022, 11:18

Тараққиёт стратегияси: саломатлик - бош мақсад

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳақида гап кетганда, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, энг олис ва чекка ҳудудлар аҳолисига намунали тиббий хизмат кўрсатиш масалалари ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Чунки мамлакатда барча соҳаларда қўлга киритилаётган муваффақиятлар замирида инсон саломатлиги ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш масалалари ётади. 

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони лойиҳасида ҳам бу масалаларга катта аҳамият қаратилган. Хусусан, бирламчи тиббий-санитария хизмати муассасаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ишларини янада яхшилашга, шунингдек, давлат бюджетидан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратилган маблағларнинг 3 бараварга оширилишини таъминлаш белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Бунда хонадонбай тиббий профилактикани кучайтиришга имконият пайдо бўлади.

Бирламчи тиббий санитария хизматининг ходимларига меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш орқали республика ҳудудларининг олис ва чекка қишлоқлари ва кадрлар таъминоти паст бўлган ҳудудларни аниқлаб, у ерда ишлаётган шифокорларнинг ойлик маошларига алоҳида қўшимча устама киритиш масалалари ҳам аҳоли томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 

Яна бир муҳим масала – бирламчи тиббий-санитария хизматида мавжуд тиббий жиҳозларни хатловдан ўтказиш, аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган тиббий техника ва тиббий буюмлар эҳтиёжини шакллантириш, хатлов натижалари ва тиббий техника ва буюмларга эҳтиёждан келиб чиқиб, бирламчи тиббий-санитария муассасаларига тиббий жиҳозлар учун қўйиладиган минимал талабларни ишлаб чиқиш, шакллантирилган эҳтиёж асосида тиббий техника ва тиббий буюмлар харидини амалга ошириш бўйича ҳам киритилаётган янгиликлар ўзининг ижобий натижаларини бериши шубҳасиздир.

Хонадонбай “мақсадли” скрининг ўтказиш чораларини кўриш масалаларига тўхталадиган бўлсак, бу орқали онкологик, эндокринологик ва терапевтик касалликларга чалинган беморларни эрта босқичларда аниқлаш, аниқланган беморларни тегишлиги бўйича ҳудуднинг ўзида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш орқали бу борада катта муваффақиятларга эриши мумкин, деб ҳисоблайман.

Шуни алоҳида эътироф этмоқчиманки, Президентимизнинг мазкур Фармонининг халқ муҳокамасига қўйилгани ва одамлар фикрлари, таклиф ва мулоҳазалари билан бойитилаётгани бу адолатли жамият барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизга тўла мос келади. Зеро, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар моҳиятини инсон қадри учун эзгу ғояси ташкил этаётганидан халқимиз жуда мамнун.

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    436
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+