Қишлоқ хўжалиги соҳасида ижобий натижаларга эришилди

08.01.2022, 09:14

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ижобий натижаларга эришилди

Поёнига етган "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"ни кузатиб, Янги ­­– 2022 йилга янги орзу-ниятлар, улкан мақсадлар билан қадам қўйдик. Якунланган йил барчамиз учун ҳар жиҳатдан омадли йил бўлиш билан бирга, ҳаётимизда ёрқин из қолдирди.

Кўплаб корхоналар, кластер ва технопарклар, замонавий инфратузилма тармоқлари барпо этилиб, тадбиркорлик ҳаракати, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга устувор аҳамият берилди. Йил давомида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун минглаб янги иш ўринлари яратилди.

2021 йилда амалга оширилган энг муҳим янгиликлар ҳақида мендан сўрасалар, ҳеч иккиланмасдан, аввало, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни алоҳида айтган бўлар эдим. Мамлакатимиз аҳолисининг ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Табиийки, уларнинг турмуш фаровонлиги қишлоқ хўжалиги тармоғи ривожи билан узвий боғлиқ. 

Шу жиҳатдан, дунё миқёсида давом этаётган пандемия таъсири, баҳорда ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, сув ресурсларининг ҳар йилгидан сезиларли даражада танқислигига қарамай, улар барча тармоқларда мўл ҳосил етиштириб, аввалги йилларга нисбатан юқори марраларга эришди.

Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йилда республикамиз бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилди. Буларнинг барчаси йил давомида туну кун қилинган машаққатли меҳнатнинг муносиб самараси, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригини телевидение орқали тинглаб, матбуотда ўқиб 2022 йилда соҳада бўлган эътибор икки баробар ошишига амин бўлдим. Чунки табрикда халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч  ва имкониятлар сафарбар этилиши айтилдики, бу жорий йилда аграр соҳага ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишига ишорадир.

Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан янги – 2022 йилни мамлакатимизда "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб эълон қилиниши заримида жуда катта маъно мужассам. Сабаби инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган  ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, дегани. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла  ҳал қилувчи ўрин тутади.

Нега десангиз, маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма саналади. Аниқроқ айтганда, маҳалла Ватан ичра кичик ватандир. Демак, унинг ободлиги, гўзаллиги ва кўркамлиги учун жон койитиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бежиз айтилмаган. Шу маънода, фарзандларимизнинг маънавий баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши, ёш оилаларнинг мустаҳкам оёққа туриб олишида ушбу тузилманинг ролини янада ошириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Албатта, юртимизда қишлоқ ва маҳаллаларни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, юрт эртаси, истиқболи ва тараққиёти маҳаллалар ободлиги ҳамда гўзаллиги билан чамбарчас боғлиқ. Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради.
   

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    325
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+