Иқтисодиётда туб бурилиш даври келди

08.01.2022, 12:43

Иқтисодиётда туб бурилиш даври келди

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, юртимизда ривожланмаган, янгиланмаган соҳа қолдими? Саноат, машинасозлик, электротехника, нафт-газ қазиб олиш ва қайта ишлаш дейсизми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик дейсизми, ҳаммаси янгиланиш босқичига кирган. Янгиланаётган ёшараётган Ўзбекистонни бугун Янги Ўзбекистон дея аташга тўла асосларимиз бор. Халқимиз бу ҳаётий янгиланишлар эпкинини мамнуният билан қарши олиб, юрт траққиёти ва равнақига ҳисса қўшишни ўзларининг фуқаролик бурчи сифатида қабул қилмоқда.

Президентимиз “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонга имзо чекишдан олдин унинг лойиҳасини халқ назаридан ўтказиш, халқ фикрлари билан бойитишни лозим топди. Албатта, бу адолатли халқчил фуқаролик жамиятига хос бўлган тамойилдир.

Қувонарлиси эса муҳокамада жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этишмоқда. Тараққиёт стратегиясининг 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланганидек, рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер” соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баробар, уларнинг экспортини эса 10 баробар ошириб, 500 млн АҚШ Долларига етказилади. Чунки бу Тараққиёт стратегиясининг аниқ мақсади ва бу мақсадни тўла-тўкис амалга ошириш учун бизда имконият, шарт-шароит ва салоҳият етарлидир.

Шунингдек, мамлакатимизда рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканларини ва ижтимоий объектларини ва магистрал автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш, молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларини автоматлаштириш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаш борасидаги лойиҳа ҳам кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Албатта, бу мақсадларни амалга ошириш учун молиявий-иқтисодий фаолияти самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни оптималлаштириш,  ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича катта ва кенг қамровли иш олиб бориш жуда муҳимдир.

Тан олиш керак, бугун аҳолига банк хизмати кўрсатиш соҳасида бир талай муаммолар мавжуд. Бу муаммоларни бартараф этишда банк хизматлари онлайн турларини кенгайтириш ҳамда кредит ажратиш бўйича таҳлилларни автоматик тарзда амалга ошириш бўйича скоринг тизимларини жорий этилиши жуда муҳимдир. Шу маънода иқтисодиётни реал секторида ва тижорат банклари ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида 700 нафар мутахассисни тайёрлаш ва малакасини ошириш зарурлиги давр талаби. Бу борадаги ишлар 2022 йил - “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга амалга оширилиши мўлжалланган.

Биз депутатлар халқ орасида кўп бўламиз. Қизғин суҳбат ва мулоқотлар асносида уларнинг фикри, ўй-хаёлларини ўрганамиз. Ундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган изчил ва ҳаётий ислоҳотлар моҳиятини  халқимиз мамнуният билан қабул қилмоқда ва қўллаб қувватламоқда. Шунинг ўзиёқ юртимизда олиб борилаётган сиёсатни халқчил, инсонпарвар сиёсат деб атасак, сира хато бўлмайди.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    514
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+