Рақамли иқтисодиёт бизга нима беради?

11.01.2022, 11:38

Рақамли иқтисодиёт бизга нима беради?

Бугун рақамли технологиялар барча соҳаларга ва одамлар ҳаётига жадал кириб боряпти. Мамлакатимизда ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантириш энг муҳим вазифага айланган. Президентимизнинг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2023 йилга бориб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2, ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, улар экспортини 100 миллион АҚШ долларига етказиш вазифаси қўйилган.

Статистик маълумотларга кўра, рақамли иқтисодиётнинг мамлакатлар ялпи ички маҳсулотидаги улуши АҚШда 10,9 фоиз, Хитойда 10 фоиз, Ҳиндистонда 5,5 фоизини ташкил этади. “Vouchercloud” портали тадқиқотчилари дунёдаги “энг ақлли” 25 давлат рўйхатини эълон қилди. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, биринчи ўринни Япония эгаллаган. Кунчиқар юрт тадқиқотнинг асосий кўрсаткичлари — Нобель мукофоти лауреатлари сони, аҳолининг ўртача IQ (ақл-заковат) даражаси, мактаблардаги ўзлаштириш кўрсаткич бўйича ҳам энг юқори баҳога сазовор бўлди.

Кейинги ўринлардан Швейцария, Хитой, АҚШ ва Нидерландия жой олди. Хитой аҳоли ақл-заковат даражаси юқори бўлгани учун учинчи ўринни олган бўлса, АҚШга тўртинчи ўринда жойлашишига Нобель мукофоти лауреатлари сони ёрдам берди. Жанубий Корея, Тайвань ва Сингапур билимли (ақл-заковатли) ёшлар сони бўйича етакчи ўринларда, аммо фақатгина Нобель мукофоти лауреатлари сони камлиги сабабли рейтингда юқорида жойлаша олмади.

“McKinsey” экспертларининг баҳолаши бўйича, бугунги кунда жаҳон ЯИМнинг қарийб 10 фоизи рақамли активларга тўғри келади, шу билан бирга, уларни ишлаб чиқиш суръати жаҳон иқтисодий ўсишининг 30 фоизига тенг. Рақамли активларнинг ривожланиши акселератор (тезлаштирувчи) ҳаракатига ўхшайди.

Келгуси беш йилликдаги муҳим вазифа

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида очиқлик, халқаро иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши юртимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш имкониятларини юзага чиқарди. Бунга мамлакатимиз ташқи савдо ҳажмининг ўсишини мисол қилиб келтириш мумкин. “Электрон ҳукумат”, “электрон бошқарув”, “телекоммуникация”, “интернет”, “веб-сайт” каби юзлаб иборалар ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. IT кундалик ҳаётимизнинг барча соҳасини қамраб олмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Электрон ҳукумат ва ягона интерактив хизматлар портали орқали 178 та хизмат йўлга қўйилди ҳамда ушбу хизматлар аҳолининг вақти ва харажатларини тежамоқда.

Рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Шу боис рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни, айниқса, коррупцияни кескин камайтиради.

Шу ўринда рақамли иқтисодиёт тушунчасига тўхталиб ўтсак. Бу ўзаро боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш, тақсимлаш, алмашиш, истеъмол қилиш ва бошқарув жараёнларининг (инсонлараро, машиналараро, булутлар ва катта ҳажмдаги рақамлар (BIG DATA) орқали) рақамли технологиялар ҳамда интернет ёрдамида маълумот алмашинишни оптималлаштириш орқали катта фойда кўришга қаратилган фаолиятдир.

Шу ўринда алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, янги бир уйғониш даври — учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётганлиги истиқболимизнинг улуғворлигини намоён этади. Илмсиз, маърифатсиз жамият ва мамлакат тараққиётини тасаввур қилиш мушкулдир.

Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг асарида “Билимсиз киши мевасиз дарахтдир, мевасиз дарахтни оч киши нима қилсин?!” деб илм-маърифатнинг ўрни нақадар долзарб ва муҳимлигини кўрсатиб ўтган. Давлатимиз раҳбари томонидан илм-маърифатга алоҳида урғу берилиши ва бу орқали рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масалалари кун тартибига қўйилиши Ўзбекистон танлаган йўл фақат бир манзилга олиб боришини, яъни иқтисодий-ижтимоий, сиёсий жиҳатдан кучли, бозор иқтисодиёти қонунлари тўлиқ амал қиладиган жамият қуришнинг янги босқичига ўтганимизни яққол ифода этади.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича аниқ миқдор кўрсаткичлари ҳам белгиланган бўлиб, даврий жиҳатдан 2020 — 2023 йилларни қамраб олади. Хусусан, 2020-2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини ошириш, рақамли инфратузилмани тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш, 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни ҳамда 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтиришни кўзда тутади.

Амалий саъй-ҳаракатлар самараси узоқ куттириб қўймади. “Speedtest Global Index” 2020 йил июнь ойи натижаларига кўра, янги маълумотларни эълон қилди ва интернет тезлиги бўйича рейтингда Ўзбекистон ҳозирги кунда 94-поғонани эгаллаб турибди, бир йил ичида 36 поғонага кўтарилиш кузатилди. Умуман, охирги йилда Ўзбекистонда симли интернет тезлиги 2,5 баробарга ўсди.

Тараққий этган давлатлар қаторига қўшилишимиз учун, энг аввало, илғор замонавий ахборот-коммуникация, интернет ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги билимларни чуқур эгаллаш орқали юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш керак.

Негаки, биз географик жойлашувимизга кўра қуруқлик орқали йирик сув ҳавзаларидаги портларга чиқишимиз учун камида икки давлат чегарасидан ўтишимизга тўғри келади. Бу ҳам вақт нуқтаи назаридан, ҳам иқтисодий жиҳатдан жаҳон бозоридаги ўрнимизга салбий жиҳатдан таъсир қилиши бор гап. Бунинг ечими ақл-заковат, янги инновациялар ва малакали кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ.

Яна бир муҳим жиҳат — мамлакатимизда аҳоли энг кўп тўқнаш келаётган соҳаларни рақамлаштириш, одамларнинг оғирини енгил қилишга устуворлик қаратиляпти. Жумладан, соғлиқни сақлаш, кадастр, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, таълим йўналишларини рақамлаштириш бўйича амалий жараёнлар бошланди ва тез орада ўзининг ижобий самараларини беради.

Рақамли иқтисодиёт жамиятда муайян ўзгаришларни юзага келтиради, хусусан, унинг меҳнат шароитларига таъсири сезиларли бўлади. Рақамли трансформация шароитида автоматлаштириш жараёнларининг кучайиши, сунъий интеллект, улкан маълумотлар билан ишлайдиган аналитик тизимлар, роботлардан фойдаланиш кўламининг ортиши меҳнат ресурслари учун ўринбосар бўлиб хизмат қилади. Натижада бизнес юритиш шароитлари такомиллашиб ва самарадорлик сезиларли даражада ортади.

Тизимли ёндашув зарур

Рақамлаштиришнинг кундалик ҳаётимизга тезроқ кириб келишини хоҳласак, рақамлаштириш таъсирида турмушимизда турли қулайликлар пайдо бўлсин, десак, рақамлаштириш татбиғида, албатта, тизимли ёндашув лозим. Қаранг, салкам ўн йилдан буён электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришга интилиб келамиз.

Натижалар эса фақатгина сўнгги йилларда кўзга ташлана бошлади. Биргина банк пластик картаси мисолида олайлик. Илгари банк карталарида маблағ бўлса-да, уни сарф қилиш ёки нақдлаштириш имконияти жуда аянчли ҳолатда эди. Ўз ойлик маошимизнинг қайсидир қисмидан воз кечишимиз ёки зарур товарларни қимматроқ нархларда харид қилишимиз ҳам бор гап эди. Эндиликда эса, банк мижозлари онлайн харидларни амалга ошириш, мобиль қурилмалар ёрдамида пул маблағларини эркин ўтказиш имкониятига эга.

Рақамлаштириш технологияларини кундалик ҳаётимизга мақсадли жорий қилишда энг муҳими, давлат хизматларини аҳолига таклиф қилиш орқали халқ билан интерфаол мулоқот тезлашмоқда. Бу эса “интеллектуал ҳукумат” тамойиллари асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш нақадар тўғри йўл эканлигини ҳам кўрсатади.

Табиийки, мазкур ҳолатларни ижобий баҳолаш, эътироф этиш мумкин. Чунки давлатимиз томонидан амалга оширилаётган рақамлаштиришга оид дастурлар халқимиз, қолаверса, тадбиркорларимиз хоҳиш-истакларини тўғри англаш имконини беради. Табиийки, ушбу дастурларни янада кенгайтириш, такомиллаштириш керак. Бироқ айрим муаммолар борки, уларнинг ечимини қисқа фурсатда топиш талаб этилади.

Биринчидан, рақамлаштириш бу “маълумотлар омбори”дир, маълумотлар жуда катта ҳажмдан иборат. Иккинчидан, бизда “улкан маълумотлар” оқимини бошқариш, сақлаш ва қайта ишлаш турли платформаларни кенгайтириш муҳим. Учинчидан, эса мазкур дастурлар ижросини таъминлашда амалга ошириш механизмлари ҳамда молиялаштириш манбалари кўрсатилган бўлса-да, мониторинг жараёнида жамоатчилик назоратини кучайтирилиши муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Жаҳон банкининг “Рақамли дивидентлар” номли тадқиқоти натижалари мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантиришда рақамли иқтисодиётнинг нақадар долзарб ва муҳим масала эканлигини кўрсатади. Хусусан, интернет тезлигининг 10 фоизга юқорилаши мамлакат ЯИМ ўсишига ҳам олиб келади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич, 1,21 фоизни ташкил этса, ривожланаётган давлатларда 1,38 фоизни ташкил этади. Демак, интернет тезлиги 2 баробар ошадиган бўлса, ЯИМ ҳажми ҳам қарийб 15 фоизга ошишига эришиш мумкин.

Рақамли иқтисодиёт ривожланган давлатларда ЯИМ ҳажми ҳам, ЯИМнинг аҳоли сон бошига улуши ҳам юқоридир. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг бу масалага давлат миқёсида эътибор қаратиши бир мақсадни кўзлайди, у ҳам бўлса, биринчидан, аҳолининг яшаш даражасини юксалтириш, иккинчидан, аҳолининг реал даромадларини оширишдир.

У келажак, демак

Шубҳасиз, рақамли иқтисодиёт — келажак. Миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан рақамли иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган Саноат 4.0 инқилобига мослашиш, рақамли технологияларни иқтисодиётнинг барча соҳаларига жорий этишни қанчалик қисқа фурсатда ҳал этишимизга чамбарчас боғлиқ. Мазкур йўналишда ишларни самарали ташкил этиш рақамли технологиялар соҳасида етарли компетенцияларга эга бўлган етук кадрларга бориб тақалади. Бу борада ҳам тизимли тадбирлар йўлга қўйилганлигини таъкидлаш зарур.

Хусусан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига барча ҳудудларда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш вазифаси қўйилган. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ва графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида блокчейн технологиялари бўйича махсус кафедралар очиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига жорий этиш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш учун муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарорга мувофиқ, сунъий интеллектни жорий қилишнинг муҳим жиҳатлари — ҳуқуқий режим, институцион асослар, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро ҳамда миллий стандартлар, сунъий интеллект жорий қилинадиган устувор соҳа ва тармоқлар, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари қамраб олинган.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор тармоқлар ва соҳалар сифатида қишлоқ хўжалиги, банк, молия ва солиқ соҳалари, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электрон ҳукумат соҳалари белгилаб олинди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ва Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қўшма альянс республикамизда сунъий интеллектни ривожлантиришнинг институционал асосларини ташкил этади. Бундан ташқари, сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қўшма альянс таркибига кирувчи ташкилотларда сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш учун жами 200 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозирги кунда сунъий интеллектни ривожлантириш ва бу соҳага инвестиция киритиш бўйича глобал даражада кескин рақобат авж олмоқда. Сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотларда Хитой Халқ Республикаси яққол етакчи ҳисобланади. 2030 йилга келиб, сунъий интеллект яратадиган қийматни 150 миллиард АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, сунъий интеллектга инвестиция киритган давлатлар ўнталигидан АҚШ, Буюк Британия, Канада, Россия, Германия, Норвегия, Швеция, Франция, Ҳиндистон давлатлари ўрин олган.

Фикримизча, сунъий интеллект соҳасидаги стартап лойиҳаларни қўшма молиялаштириш (краудфандинг) механизмларини жорий этиш мазкур соҳани молиялаштириш имкониятларини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлайдиган ёрқин келажакни кўзлар эканмиз, сунъий интеллектни жорий қилиш учун зарурий шарт-шароитларни яратиш шубҳасиз, бугунги куннинг долзарб ва устувор вазифаси сифатида қаралиши зарур. Агар рақамли иқтисодиёт борасида мўлжалланган вазифалар амалга оширилса, барча соҳаларда улкан амалий натижалар яққол кўринади ва аҳоли фаровонлиги сезиларли даражада ортади.

 

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

  • Кўрилди
    4967
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+