Томорқачилар энди Чироқчи туманидаги ўқув илмий марказда билимларини оширадилар

11.02.2022, 17:40

Томорқачилар энди Чироқчи туманидаги ўқув илмий марказда билимларини оширадилар

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги жамғарма таъсисчилигида Чироқчи туманида барпо этилган Томорқачилик ўқув илмий-амалий маркази биносининг очилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Ўқув илмий марказда тупроқшунослик ва биогумус, агротехник хизматлар илми, иссиқхона ва парник хўжалиги бўйича ўқувлар, томчилатиб суғориш технологияси, агрокимё, боғдорчилик ва кўчатчилик илми ҳамда сабзавотчилик ва полизчилик бўйича ўқув машғулотлари йўлга қўйилади.

-Бу ўқув илмий марказда ўқиш касб ёки ёш танламайди, - дейди маросимда иштирок этган Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов. – Чунки ёши, эгаллаб турган лавозими ва касб-коридан қатъи назар ҳар бир киши томорқачилик илмидан бохабар бўлиш учун мазкур ўқув илмий марказда ўз билим ва тажрибасини бойитиши мумкин. Масалан, мен ўзим ҳам Қарши шаҳридаги ҳовлимда қўй, товуқ, қуён боқаяпман, келгусида мўъжазгина иссиқхона ҳам қурмоқчиман. Ўз ҳовлингда ўзинг етиштирган сабзавотларни ўз қўлинг билан узиб ейишга нима етсин. Демак мен ҳам бу ерда ўз билимимни оширсам зарар қилмайди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини Кенгаши ҳузуридаги жамғарманинг 2 млрд сўмдан зиёд маблағи ҳисобидан барпо қилинган ўқув илмий марказнинг уч қаватли биносида тингловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Электрон табло, томорқада турли экинларни экиш бўйича қўлланмалар, компьютер, принтер, нусха кўчириш ускуналари ва ўсимликлар клиникаси мавжуд.

 -Жамғарма томонидан 6 млрд 903 млн сўм маблағ ажратиб бердик ва шу ҳисобдан  Чироқчи туманидаги Шўрбозор ҳудудида 72 гектар ерда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов. – Бундан ташқари Қамаши туманидаги Ғаллакор массивида 80 гектар боғ ва токзорларда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Келгусида Чироқчи туманидаги Ҳамид Олимжон номли ҳудудида музлаткич, инкубатор, товуқхона қуриш ва 100 минг та кўчат етиштириш, Дилла Сафаров номли массивда 60 гектар интенсив токзор барпо қилишни кўзда тутганмиз. 

Томорқани даромад манбаига айлантириш, аҳолининг  ўзини ўзи иш билан банд этиш, бозорларни тўкинлигини таъминлашда ўқув илмий марказининг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки томорқа илмини мукаммал эгаллаган киши бир парчагина ердан ҳам даромад топишга интилади. Зеро, инсон қадри учун ғояси моҳиятида ҳам меҳнат қилиш ва унинг роҳатини кўришдек улуғвор маъно мужассам.

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    692
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+