Лидер аёллар талаба қизлар билан суҳбатлашди

14.02.2022, 14:55

Лидер аёллар талаба қизлар билан суҳбатлашди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида жорий “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўйича Давлат дастури ижросини таьминлаш мақсадида “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида “O’zLiDePнинг лидер аёллари ва ёшлар” мавзусида талаба-қизлар билан очиқ мулоқот ташкил қилинди.

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ташкил этилган учрашувда “Аёллар қаноти” гуруҳи фаолларидан Кегайли тумани “Арзу” фермер хўжалиги раҳбари, «Йил аёли – 2021» республика танловининг Гран-при соҳибаси П.Салиева, “Мўйноқ тур” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Ташаббус-2021” кўрик-танлови ғолибаси А.Бегжанова, Нукус шаҳри “Зияда-Нур” ўқув маркази раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳибаси З.Утеназарова, Нукус шаҳри “Гулимед-Фарм” хусусий тиббиёт маркази раҳбари Г.Хожамуратова ва бошқалар, мамлакатимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, айниқса, хотин-қизларга қаратилган эътибор, жамиятда ва оилада хотин-қизларнинг ўрни, лидер аёлларнинг имиджини яратиш, гендер тенглиги масалаларига тўхталди. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳага ёшларни жалб қилиш, шу орқали ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегиясидан фарқли ўлароқ, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ўзбекистонни кейинги 5 йилда ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 та мақсадга эришишга қаратилган ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган 398 та чора-тадбирни ўз ичига олган. Жумладан, Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш, мамлакатда 2026 йил якунига қадар ишсизлик даражасини камида 2 баробар қисқартириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Эътиборли томони стратегиянинг учинчи йўналиши айнан партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлиб, миллий иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган. Бу эса ўз навбатида партия электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатига тўлиқ хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув давомида тадбиркор ва фермер хотин-қизлар рақобатга чидамли маҳсулот ишлаб чиқаришда, сервис хизматини кўрсатиш ва бошқа масалалар юзасидан ўзларининг ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашди.

Мулоқот давомида талаба қизлар тадбиркорлик соҳасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ушбу мавзудаги учрашув Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳам бўлиб ўтди.

  • Кўрилди
    555
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+